Эрдўған Путин билан гаплашди. Асосий масалалар Украина ва Сурия

Олам

image

Бугун, 28 март куни Россия Президенти Владимир Путин туркиялик мавқедоши Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, икки ўртадаги мулоқотда Украинадаги вазият муҳокама қилинган.

“Эрдўған Туркия Россия ва Украина ўртасида давом этаётган можарони тўхтатиш учун бошланган жараённи диққат билан кузатиб бораётганини ва ҳар қандай ёрдам кўрсатишга, жумладан, тинчлик музокараларини ташкил этишга тайёрлигини айтди”, дейилади хабарда.

Қолаверса, Эрдўған ва Путин Сурия масаласини ҳам муҳокама қилган.

“Сурия Араб Республикасидаги мавжуд вазиятни муҳокама қилиш чоғида етакчилар мамлакатнинг бирлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш муҳимлигини, ички сиёсий барқарорликни мустаҳкамлаш, аҳолининг барча этник ва конфессионал гуруҳларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этиш мақсадида унинг ҳокимияти ва халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлади”, дейилади хабарда.

Туркия Президенти ахборот хизматининг баёнотига кўра, Эрдўған Суриянинг ресурслари Сурия маъмуриятига қолиши кераклигини таъкидлаб, Туркиянинг “Сурия демократик кучлари” деб аталувчи кучларнинг марказий бошқарувга бўйсундирилишини қўллаб-қувватлаганини, “Сурияни бутунлай террор ташкилотлари учун қулай замин бўлиб хизмат қилишини тўхтатиш мамлакат барқарорлиги учун ҳаётий аҳамиятга эга” эканини айтган.

Шунингдек, 2022 йил июль ойида Туркия ва БМТ Котибияти воситачилигида тузилган, аммо амалга оширилмаган хавфсиз кема қатнови ва Россия озиқ-овқат ва ўғитлари экспорти йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича “Қора денгиз ташаббуси”ни қайта тиклаш юзасидан фикр алмашилган.

Давлат раҳбарлари Россия ва АҚШ эксперт гуруҳларининг Ар-Риёдда бўлиб ўтган маслаҳатлашувлари якунлари ҳамда 18 мартдан бошлаб 30 сутка муддатга Россия ва Украина энергетика объектларига зарба беришни тўхтатиш бўйича эришилган келишувни муҳокама қилган.

Владимир Путин Ражаб Тойиб Эрдўған ва бутун турк халқини мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойи ва яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан табриклаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ  Россия Президенти Владимир Путин Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқот қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Владимир Путин Ражаб Тойиб Эрдўған Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг