Эрдўған халқига камида тўрттадан фарзанд кўришларини тавсия қилмоқда
Олам
−
10 Июнь 2019
6328“Бу мамлакатда кўп йиллар туғилишни назорат остига олиб, миллатимизга хиёнат қилдилар, наслимизни қуритиш йўлидан бордилар”. Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юқоридаги гаплари айни вақтда нафақат турк матбуотини, балки европа оммавий ахборот воситаларини ҳам жумбушга келтирмоқда. Давлат раҳбари жорий йилнинг 7 июнь куни “Арсенал” клуби яримҳимоячиси Месут Ўзилнинг тўйида гувоҳлик қиларкан, икки ёшни табриклаш баҳонасида насл қолдириш масаласига тўхталди.
“Оила қуриш – узоқ йўлга чиқиш демакдир. Унда яхши кунлар ҳам бўлади, ёмон кунлар ҳам. Яхши кунлар уни бошқалар билан бўлишганинг сари кўпаяверади. Ёмон кунлар эса сабр қилганинг сари яхши кунларга ўрнини бўшатиб беради. Бейбозоридаги амакимнинг менга бир маслаҳатини айтай: битта бўлса ғариб, иккитаси рақиб, учтаси мувозанат, тўрттаси баракат... Қолгани Аллоҳнинг карамига”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған икки ёшга қарата.
Эрдўған бу сўзларни бежиз эсламаганини айтиб ўтди. Унга кўра, бир вақтлар Туркияда фарзанд кўриш қаттиқ назоратга олингани сабаб, мамлакатда туғилиш сони камайиб кетган. Бу эса мамлакат тараққиёти, демографиясига жиддий таъсир ўтказмай қолмаган. Давлат раҳбари аҳоли сони ортиши, уларнинг кўп қисмини эса ёшлар ташкил этиши кераклиги тарафдори.
“Халқимиз кучли бўлиши учун ҳаракатчан ёш аҳолига муҳтожмиз. Албатта, камол топган, ўрта ёшдагиларга ҳам эҳтиёжимиз бор. Биз бунга бепарво бўлолмаймиз. Агар бугунги цвилизациялардан юқори туришни истасак, бу миллат кучли бўлиши керак. Иқтисодиётда “ёш динамик” деган бир қоида бор. Бу мамлакатда кўп йиллар туғишни назорат остига олиб, миллатимизга хиёнат қилдилар, наслимизни қуритиш йўлидан бордилар. Авлодларнинг кучи ва аҳамияти иқтисодиётда бўлгани каби ҳаётда маънан жуда муҳимдир”.
Маълумот ўрнида, Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг икки ўғил ва икки қизи бор.