Эрдўған Исроилнинг раҳбариятини судга бермоқчи

Олам

image

Исроил Ғазо шаҳри ва унинг аҳолисини бутунлай йўқ қилиш стратегиясини амалга оширмоқда. Мен Исроилни террорчи давлат деб очиқ эълон қиламан. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 15 ноябрь куни Анқарада ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси парламент фракцияси йиғилишида сўзлаган нутқида айтди. 

Шу билан бирга, Туркия давлат раҳбари Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга блокададаги Ғазо секторидаги ташаббуслари муносабати билан мурожаат қилди. 

“Мен Нетаньяхуга мурожаат қиламан: сенда атом бомбаси, ядровий бомба бор ва сен у билан таҳдид қиляпсан. Сенда нима бўлишидан қатъи назар, барибир кетасан”, дея ишонч билдирган Президент. 

Эрдўған, агар Исроил қирғинни шу тарзда давом эттирса, бутун дунё лаънатлаган террор давлати эканлигини кенг тан олишини қайд этди. 

Туркия етакчиси Анқаранинг Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати борасидаги позицияси ҳақида гапирар экан, Туркия бу ҳаракат аъзолари ўз ватанини ҳимоя қилаётган қаршилик жангчилари эканини эълон қилишдан тортинмаслигини айтди. 

“Агар бу баъзиларни безовта қилса ҳам, биз ҲАМАС аъзолари ўз ватанини ва халқ ҳаётини ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётган қаршилик жангчилари эканлигини айтишдан ҳеч иккиланмаймиз”, дейди у. 

Бундан ташқари, Эрдўған БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 121 овоз билан қабул қилинган Ғазо бўйича резолюцияга овоз беришда бетараф қолган давлат раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот қилиш ниятида эканлигини маълум қилди. 

“Туркия Фаластинга кўринадиган ва кўринмас гуманитар ёрдамнинг барча шаклларини кўрсатиш орқали Исроилни халқаро майдонда яккалаб қўйишда давом этади. Бундан ташқари, биз Ғазонинг мазлум аҳолисига шафқатсиз муносабатда бўлган Исроил ҳарбий-сиёсий раҳбариятини халқаро судга бериш чораларини кўрамиз”, дейди Президент.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи охирида БМТ Бош Ассамблеяси бир гуруҳ араб давлатлари томонидан тайёрланган Фаластин-Исроил можароси ҳудудида зудлик билан сулҳ тузишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. 

Ушбу резолюцияни 120 давлат  қўллаб-қувватлаган, уларнинг орасида Ўзбекистон ҳам бор. 

Ҳужжатда зудлик билан гуманитар сулҳ тузишга чақириқ бор. Бундан ташқари, матнда барча томонларнинг халқаро гуманитар қонунларга риоя қилиши, Ғазо секторини зудлик билан асосий маҳсулотлар билан таъминлаш, барча тинч аҳолини озод қилиш, гуманитар ёрдамни тўсиқсиз етказиб бериш ва буйруқни бекор қилиш талаблари мавжуд. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Ғазо сектори Фаластин-Исроил можароси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг