Эрдўған Ироққа борди. У Бағдоддан нима кутяпти?
Олам
−
22 Апрель
3525Бугун, 22 апрель куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған сўнгги 12 йилда илк бор Ироққа борди. Бу ҳақда "Al Arabiya" хабар берди.
Қайд этилишича, Эрдўған Ироқ ҳукуматидан курд жангариларига қарши курашда ёрдам кутмоқда. Террорчи ташкилот деб тан олинган “Курдистон ишчилар партияси” (КИП) йиллар давомида Туркия армиясига қарши ҳаракатларини Ироқ ҳудудидан олиб боради.
“Туркия иқтисодий, ижтимоий, хавфсизлик омилларидан иборат кенг қамровли стратегияни ишга солмоқчи. Ироқ ўз хавфсизлик кучлари салоҳиятини ошириш орқали ўз хавфсизлигини яхшилаши мумкин. Бу Туркияни ҳам анча хавфсиз қилади”, деган Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий изланиш жамғармасидан Мурат Аслан.
Ўтган ой Ироқ ҳукумати КИП фаолиятини ман қилгани Анқаранинг дипломатик ютуғи сифатида кўрилмоқда. Ироқ қаттиқ қурғоқчиликка юз тутаётган бир пайтда Туркиядан Ироқ томон оқаётган дарёларга тўғонларидан кўпроқ сув чиқаришни сўрамоқда. Эрдўған Бағдод илтимосини кўриб чиқишга сўз берган. Бу дегани Анқара бунинг эвазига Ироқдан яна нимадир сўраши мумкин.
Кузатувчилар Туркиянинг Ироқ билан савдо алоқалари кучаяётганига эътибор қаратади. Эрдўған Хитой ва Европа ўртасида туширилиши режаланаётган савдо йўли доирасида Ироқ орқали халқаро транзитни оширишга ҳам умид қилмоқда.
Ирбил Ироқ Курдистонининг пойтахти бўлиб, Эрдўған минтақа раҳбарлари билан яқин алоқага эга.
Бироқ кузатувчилар Туркиянинг Ироқда таъсирини ёйишга қаратилган ҳаракатларига Эрон тўсиқ қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Баъзилар Теҳрон таъсирини мувозанатга солиш учун Бағдод Анқара билан ҳамкорликка интилаётганини таъкидлайди.
“Ироқда Эрон таъсирининг катталигидан норози сиёсатчилар кўп. Туркия бу маънода мувозанатловчи куч бўлиши мумкин. Туркиянинг ўзи ҳам шундай бўлишни истайди, Эроннинг Ироқ, Сурия, Ливан ва Ямандаги таъсиридан хурсанд эмас”, деган сиёсий таҳлилчи Соли Ўзел.
Таҳлилчилар Эрдўғаннинг Ироққа ташрифи ўзгаришларга олиб келишини ва шу билан бирга, Эрон билан тарихий рақобатни янада кучайтириши мумкинлигини айтмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь