Эрдўған давлат ҳимоясидаги болалар билан ифтoрлик қилди
Олам
−
07 Март 1328 2 дақиқа
Кеча, 6 март куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва аёли Эмина Эрдоған Истанбулдаги Ваҳдеттин қароргоҳида давлат ҳимоясида тарбияланаётган болалар билан ифторда бирга бўлди. Бу ҳақда TRT Haber нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Президент ва аёли 7 ёшдан 12 гача бўлган 23 нафар бола билан бир дастурхонда ифторлик қилган. Дастурда, шунингдек, Оила ва ижтимоий хизматлар вазири Моҳинур Ўздемир Гўктош ҳам иштирок этган.
.png)
“Бугун Истанбулда ифторимизнинг энг гўзал меҳмонлари давлат ҳимоясидаги болаларимиз эди. Уларнинг кулгуси қалбимизни иситди, суҳбатлари эса кўнглимизга юмшатди. Фарзандларимиз билан бир дастурхон атрофида ўтириш биз учун катта бахт. Ҳар бирининг келажаги ёрқин бўлишини тилайман ва уларнинг меҳрибон ҳомий оилалар бағрида, севги тўла уйларида ҳаётга тайёрланишларини истайман”, дейди Эмина Эрдўған.
Президент Эрдўған ўтказилган тадбирда болалар билан суҳбатлашиб, улар билан яқиндан мулоқот қилган. Ифтордан сўнг эса болалардан бири овқатдан кейинги дуо ўқиган.
Шунингдек, болалар ўтган ҳафта 72 ёшга тўлган Президент Эрдўғаннинг туғилган куни билан ҳам қутлаган.
Дастур давомида Эрдўған Ғазо ҳақида ёзган шеърини ўқиган қизалоқни “Офарин!” дея мақтаб, олқишлаган.
Таъкидланишича, болалар Президент Эрдўған раҳбарлигида Туркияда амалга оширилган муҳим лойиҳалар – Togg миллий автомобили, Bayraktar Kizilelma учувчисиз жанговар самолёти ва “Чиқиндисиз ҳаёт” лойиҳасига бағишланган расмни Эмина Эрдўғанга совға қилган.
“Илм-фан ва технологияда эришилган бу ютуқларга давлатимиз тарбиялаган фарзандлар сифатида биз ҳам ҳисса қўшишни истаймиз ва шу йўлда қатъият билан ишлаяпмиз”, деган болалар.
Шундан сўнг, болалар Президент ва Эмина Эрдўғанга миннатдорлик мактубларини топширган.
(1).png)
“Тойиб амаки, Эмина хола, сиз билан бирга ифтор қилиш жуда ҳам мароқли бўлди. Сиз туфайли илиқ уйларимизда яшаяпмиз ва меҳр билан улғаяяпмиз”, дейилади болалар мактубида.
Дастур якунида Президент Эрдўған болаларга кийим-кечак ва ўқув қуролларидан иборат совға қутиларини тақдим этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Бишкек шаҳридаги Имом Сарахси номидаги марказий масжидига ташриф буюриб, намоз ўқиди ва йиғилганлар учун ифторлик ташкил этган эди.
Live
Барчаси