Эрдўған Байденга Россия қуроли бўйича Туркиянинг позициясини маълум қилди

Олам 9760
image

Россиянинг С-400 зенит-ракета тизими етказиб берилиши бўйича Туркиянинг позицияси ўзгаришсиз қолмоқда. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 14 июнь куни Брюсселда бўлиб ўтган НAТО саммити доирасида AҚШ Президенти Жо Байден билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган брифингда айтиб ўтди.

Президент Эрдўған АҚШ раҳбари Жо Байден билан учрашувни “конструктив” дея таърифлади. 

“Биз ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорлик қилиш йўлларини конструктив равишда муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдик”, дейди у.

Туркия Президенти AҚШ президенти билан учрашув натижаларини, шу жумладан Aнқара ва Вашингтон ўртасидаги келишмовчиликлар доирасида фикр билдирди:

“С-400 етказиб берилиши бўйича Туркиянинг позицияси ўзгаришсиз қолмоқда — у қандай бўлса, шундайлигича қолади. Мен мамлакатимиз мавқеини жаноб Президент [Жо Байден]га етказдим. Худди шу нарса F-35 дастурига ҳам тегишли. Биз Байден билан икки иттифоқчи ва стратегик шерикларга мос келадиган тўғридан-тўғри мулоқот каналларидан самарали ва мунтазам равишда фойдаланишга келишиб олдик”.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, Туркия-Aмерика муносабатларида бирорта ўз ечимини топмаган муаммо йўқ. Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик кўлами келишмовчиликларга қараганда анча кенгроқ ва қимматлироқ.

Туркия лидери Байденни Туркияга таклиф қилганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, AҚШ Президенти Туркияга ташриф буюриши мумкинлигини таъкидлаган.

АҚШ, Россия ва Туркия ўртасидаги қурол можароси

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг декабрь ойида Америка Қўшма Штатлари Туркия Россиянинг С-400 зенит-ракета тўпламларини сотиб олгани учун мамлакатнинг Мудофаа саноати бошқармаси ва унинг раҳбари Исмоил Демирга қарши санкциялар киритганди.

Шундан сўнг, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россиянинг С-400 зенит тўпламларини сотиб олгани сабабли Туркияга қарши киритилган АҚШ санкцияларини Республиканинг суверен ҳуқуқларига қарши ҳужум деб атади.

Америка Қўшма Штатлари Туркия билан Анқара Россиянинг С-400 зенит-ракета тизимларини сотиб олишидан кейин юзага келган вазиятни ҳал қилиш учун ишчи гуруҳ тузмоқчи эмаслигини маълум қилди. АҚШнинг Туркиядаги элчиси Девид Саттерфилд Вашингтон санкцияларни жорий этишга афсус билан етиб борганини таъкидлаган, чунки С-400 билан боғлиқ вазият бир йилдан кўпроқ давом этган ва ҳеч қачон ҳал қилинмаганди.

Кейинчалик, Туркия Президентининг Матбуот котиби Иброҳим Калин АҚШни расмий Анқара Россиядан С-400 зенит-ракета мажмуасини сотиб олгани учун босим ўткази қандай оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.

Жорий йилнинг май ойи бошида Туркия AҚШ билан F-35 қирувчиси бўйича музокараларни қайта бошлагани ҳақида хабар берилди. Кейинчалик АҚШ Туркияга Россиянинг С-400 зенит-ракета мажмуаларини сотиб олишда альтернатива таклиф қилди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 194
Рейтинг: 3
t
×