Эрдўған БААдан 50,7 миллиард доллар ундириб қайтди
Олам
−
20 Июль 2023
10429Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг кеча, 19 июль куни Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)га амалга оширган ташрифи чоғида Абу-Даби ва Анқара ўртасида 50,7 миллиард долларлик бир қатор ҳамкорлик битимлари имзоланди. Бу ҳақда WAM ахборот агентлиги хабар берди.
Имзолаш маросими Эрдўғаннинг БАА президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашувидан сўнг бўлиб ўтган ва унда томонлар юқори даражадаги стратегик кенгаш тузишга келишиб олган.
Имзоланган ҳужжатлар орасида агентлик томонидан энергетика ва табиий ресурслар соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги битим, инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим, қўшма савдо-иқтисодий комиссия тузиш тўғрисидаги декларация, тижорат ташувчи ракеталаридан фойдаланиш имкониятларини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик меморандуми, мудофаа саноати соҳасида стратегик ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми, шунингдек, экспорт кредитини молиялаштириш бўйича ўзаро англашув меморандуми бор.
Томонлар жами 15 та келишув ва англашув меморандумларини имзолаган. Уларнинг аксарияти икки мамлакат ҳукуматлари, тегишли идоралари, шунингдек, йирик давлат компаниялари ўртасида тузилган. Шундай қилиб, Бирлашган Араб Амирликлари Инвестициялар вазирлиги ва Туркия Энергетика ва табиий ресурслар вазирлиги ўртасида қўшма энергетика лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича келишув, Tawazun Амирлик инвестиция холдинги ва Туркия ҳукумати ўртасида мудофаа соҳасида англашув меморандуми, Мудофаа саноати бошқармаси, БАА Коинот агентлиги ва Туркия Саноат ва технология вазирлиги томонидан Ракета-ташувчилардан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
17 июль куни Эрдўған Форс кўрфази мамлакатларига уч кунлик сафарга чиқди, бу сафар нефть қазиб олувчи Араб монархияларидан Туркия иқтисодиётига сармоя жалб этишга қаратилган. Ўтган икки кун ичида Президент Жидда ва Доҳа шаҳарларида бўлиб, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ва Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан музокаралар ўтказди.
Эрдўғаннинг Саудия Арабистонига ташрифи натижасида томонлар энергия, сармоя ва мудофаа саноатида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олган бир қанча келишув ва меморандумларни ҳам имзолади. Хусусан, қироллик Туркиянинг “Bayraktar” учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқарувчи “Baykar” компанияси билан иккита шартнома имзолаган.
LiveБарчаси