Эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудлар тоифаси қайта кўриб чиқилади
Жамият
−
26 Май 2020
8221Ўзбекистонда ҳудудлар қайтадан тоифаларга ажратилади. Тез орада Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг тегишли қарори ҳам эълон қилинади. Бу Ҳақда бугун, 26 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилиши вақтида айтиб ўтди.
“Бугунги кунда 40 та туман (шаҳар) “қизил”, 45 таси “сариқ” ҳудуд сифатида қолмоқда. Энг ташвишлиси, ўтган 10 кунда аҳоли ўртасида касалланганлар сони ҳам ошиб бормоқда. Жумладан, Навоийда 57 та, Самарқандда 73 та, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 114 та шундай ҳолат аниқланган.
Айниқса, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда.
Бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин.
Республика комиссияси вилоят ҳокимлари билан бирга бир кун муддатда эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудларнинг тоифасини қайта кўриб чиқсин ҳамда карантин чораларини кучайтириш бўйича таклиф киритсин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда кунлик тест олиш сонини ошириши лозим. Бунда тиббиёт муассасалари, бозорлар, банклар ва аҳоли кўп жойларда назорат тестлар олишни кўпайтирсин”, деди Шавкат Мирзиёев.
Дарҳақиқат, сўнгги кунларда аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайди. Хусусан, "яшил" ҳудуд ҳисобланган Избоскан туманида ҳам бир кишида коронавирус аниқланди. Аҳамиятлиси шунга қарама орадан икки кун ўтиб, туман ҳокимлиги ташаббуси билан аҳоли орасида оммавий юриш тадбири ўтказилди.