Избоскан тумани ҳокимлиги карантин қоидаларини менсимайдими?

Жамият

image

Аввалроқ, Андижон вилояти Избоскан туманида аҳоли орасида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Избоскан тумани ҳокимлигининг матбуот хизмати эълон қилган фотосуратларда эса ушбу туманда бир кун аввал, 25 май куни оммавий тадбир уюштирилганини кўриш мумкин.

Туман Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билан май ойининг бошида "яшил" ҳудуд қилиб белгиланган эди. Бироқ яшил ҳудуд ва умуман ҳар қандай тоифадаги ҳудудларда амалда сақланиб қолган талаблар мавжуд. Ижтимоий масофани (2 метр)ни сақлаш ва барча турдаги оммавий тадбирлар, оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни (дафн маросимлари 10-15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) ўтказмаслик шулар жумласидандир.

Бироқ, Избоскан туманидаги айни ҳолат юқоридаги талабларни қўпол равишда бузиш орқали амалга оширилган. Биринчидан, оммавий тадбир ўтказилган ва бунда 15-20 кишидан ортиқ одам қатнашган. Иккинчидан, ижтимоий масофа сақлашга умуман амал қилинмаган.

Ҳозирда бутун Республика бўйлаб карантин қоидаларига амал қилиш бўйича кўрсатмалар берилаётган бир вақтда, расмий ташкилотларнинг бундай ҳолатни юзага келтиришини қандай тушуниш мумкин? "Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам" ёзуви эса Республикада амал қилаётган "Уйда қолинг" шиорини аксини англатмайдими? 

Жамоатчилик қизиқаётган асосий савол шундан иборатки, карантин қоидаларига зид равишда ташкиллаштирилган ушбу оммавий тадбир ташкилотчиси бўлган туман ҳокимлигига нисбатан чора кўриладими?

Ҳозирча ҳокимлик ушбу ҳолатга расмий изоҳ берганича йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Избоскан

Баҳолаганлар

147

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг