Энди Ўзбекистонда тиббиёт талабаларидан робот-симуляторлар имтиҳон олади

Жамият

image

Энди тиббиёт талабалари робот-симуляторлар ёрдамида имтиҳон топширади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

ССВ Илм-фан ва таълим бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмоилов муассасаларда ушбу ускуналарни ўрнатиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

“2023/2024 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура босқичлари талабаларининг назарий ҳамда амалий билим-кўникмалари инсон омилисиз, махсус робот-симуляторлар орқали баҳоланади”,  деган у.

Қайд этилишича, 2024/2025 ўқув йилидан барча давлат ва нодавлат тиббиёт олий таълим муассасаларида икки босқичли давлат имтиҳонларини ўтказиш тизими жорий этилади. 1-босқичда талабалар фундаментал фанлар бўйича якуний давлат имтиҳонларини топширса, 2-босқичда клиник фанларни ўзлаштирганлик даражаси баҳоланади.

Дастлабки имтиҳонни муваффақиятли топширганларнинг курсдан курсга ўтишига, клиник билимларга оид синовларда яхши натижа кўрсатганларнинг эса амалиётда шифокор бўлиб ишлашига рухсат берилади.

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан 2023/2024 ўқув йилида клиник ординатура ва интернатура йўналиши бўйича имтиҳонларни ташкил этиш мақсадида тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари ва уларни шакллантирувчи экспертлар гуруҳи тасдиқланган. 

Бу йилдан бошлаб клиник ординатура ва интернатурага кириш имтиҳонлари инсон омилидан бутунлай ҳоли бўлади. Шу пайтгача суҳбат асосида ўтказиб келинган қабул жараёнларига чек қўйилади.

Эндиликда тиббиёт ОТМлари ва уларнинг филиаллари, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий тадқиқот институтларида клиник ординатура ва интернатура мутахассисликлари бўйича кириш имтиҳонлари бир босқичли тест синовлари асосида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилади.

Бунда ҳар бир талабгор учун БҲМнинг ярим баравари миқдоридаги тўлов тегишли тиббий таълим муассасаси томонидан тўлаб берилиши белгиланган. Қабул жараёнлари йилига 2 марта ташкил этилади.

Шунингдек, етакчи хусусий клиникаларда клиник ординатура дастурлари асосида тор доирадаги мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш белгиланган.

Давлат тиббий ОТМларининг хирургия, кардиология, стоматология ва терапия каби кафедраларига ривожланган хусусий кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида ўқув-клиник амалиёт базасини ташкил этишга рухсат берилади.

Хусусий тиббиёт муассасаларининг клиник ординатурага қабул жараёнлари ҳам давлат муассасаларида бўлганидек, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бир босқичли тест шаклида йилига 2 марта амалга оширилади.

Акобир Сайидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

тиббиёт талабалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made