Энди Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида рухсатнома бланкаларисиз юк ташилади

Жамият

image

Эндиликда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида юк ташиш учун рухсатнома бланклари талаб этилмайди. Бу Тожикистон парламентининг қуйи палатаси ратификация қилган икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги “Халқаро автомобиль алоқаси тўғрисида”ги битимга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳақидаги протоколда белгиланган.  

Тожикистон Транспорт вазири Азим Иброҳим парламент йиғилишида нутқ сўзлаб, тузатишлар икки давлат ҳудуди орқали юк ташувчи автомобиллар учун транзитни соддалаштиришни назарда тутишини таъкидлади. Унга кўра, бу ўзгартиришлардан сўнг юк ташувчи транспорт воситалари транзити рухсатнома бланкаларисиз амалга оширилади.

Қайд этилишича, тожикистонлик юк ташувчилар ҳар йили Ўзбекистон ҳудуди орқали 36 мингдан ортиқ транзит амалга оширади. Ратификациядан кейин транзит ташувлар иккала давлат ҳудудида ҳам “дозвол” деб аталувчи бир марталик рухсатномасиз амалга оширилади.

“Мазкур протокол Тожикистон томонидан транзит шароитларини яхшилаш ва мамлакатни транзит давлатга айлантириш бўйича стратегик мақсадларни амалга ошириш учун имзоланган”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, ушбу протокол кучга кириши учун Тожикистон парламентининг қуйи палатаси томонидан ратификация қилиниши зарур бўлган. Тожикистон қонунчилигига кўра, халқаро келишувлар “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун билан бир қаторда парламентнинг юқори палатасига кўриб чиқиш учун юборилмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ юк машиналари учун чегарани кесиб ўтиш лицензияси нархининг ошгани ва уни олиш қийинлашгани сабабли Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида кўплаб юк машиналари қолиб кетаётгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Ўзбекистон юк ташиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made