Энди картошкадан муаммо бўлмайдими?
Таҳлил
−
06 Апрель 2020
18854Март ойининг сўнгги ҳафтасида Ўзбекистон бозорларида “картошка васвасаси” бўлиб ўтди. Картошкага навбатлар, Тошкент шаҳрида картошка нархининг бир мунча, маҳаллий ҳудудларда сезиларли даражада оширилиши ва бошқа ваҳима уйғотувчи ҳолатлар кузатилди. Ўзбекистонда карантин чоралари кучайтирилгач, картошкага талаб ҳам ўз-ўзидан ошди.
Жорий йилнинг 1 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент вилоятида замонавий картошкачилик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғирсида”ги 193-сонли қарори қабул қилинди.
Хўш, қарорда нималар белгиланганди?
Мазкур қарор мевасабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этишда кластер усулини ривожлантириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш занжирини яратиш, юқори қўшилган қийматга эга экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида ишлаб чиқилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Картошка етиштирувчилар уюшмаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Аgrover” МЧЖнинг Тошкент вилояти ҳудудида “Bo’stonliq kartoshkachilik markazi” МЧЖ, “SOLANUZ” МЧЖ, “Agrover-urug’chilik” МЧЖ, “Vernatural” МЧЖ ва “Sof tabiat agro” МЧЖ негизида истеъмолга йўналтирилган картошка ишлаб чиқариш ва чуқур қайта ишлаш бўйича агросаноат кластерини ташкил этиш кўрсатилди. Асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
• Уруғлик картошка етиштириш, шу жумладан, уни вируссиз in vitro технологияси асосида кўпайтириш;
• илмий асосланган алмашлаб экиш тизимида қўлланиладиган дуккакли, бошоқли дон ва бошка қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғликларини етиштириш;
• маҳаллий ва хорижий селекция ҳамда биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш;
• уруғчилик бўйича маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилиш, уруғликларни экишдан олдин ишлов бериш ва қайта ишлашга оид инновацион технологиялар, шу жумладан, сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш.
Картошкани “in vitro” технологияси асосида кўпайтириш нима дегани?
“In vitro” сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “шишада” деган маънони англатади. Картошка уруғи алоҳида ҳолатда, зарарли микроорганизмлардан ҳоли шароитда ўстирилади.
Тошкент вилоят ҳокимлиги Ўзбекистон Респyбликаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда “Bo’stonliq kartoshkachilik markazi” МЧЖга Бўстонлиқ туманида фойдаланилмаётган, захирадаги ерлар ҳисобидан ягона ҳудудийлик тамойили бўйича жами 1400 гектар, шу жумладан, “Poytaxt Agro” давлат унитар корхонасига фойдаланишга берилган ер участкалари ҳисобидан 146 гектар суғориладиган ер майдонларини туман ҳокимлиги захирасига олиб, 50 йилгача бўлган, бироқ ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага бериладиган бўлди.
Инвестициялар киритиш ва янги иш ўринлари ташкил этиш шарти билан "Solanuz" МЧЖга Уртачирчиқ туманидан замонавий машина-трактор парки, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қабул қилиш, қадоқлаш ва дастлабки қайта ишлаш бўйича логистика марказлари қуриш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган паст балл бонитетли ер майдонлари ажратилиши кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, қарор билан тадбиркорлик субъектлари томонидан республикада ишлаб чиқарилган қуруқ картошка пюреси (ТИФ ТН коди 1105200000) экспортини амалга оширишга рухсат берилди.
“Bo’stonliq kartoshkachilik markazi” МЧЖ томонидан картошка ва бошқа сабзавот экинларини сақлаш бўйича логистика маркази қурилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 14,8 миллион АҚШ долларини ташкил қилмоқда. Лойиҳа ишга тушгач, 30 минг тоннагача маҳсулотларни узоқ муддат давомида сақлаш мумкин бўлади.
Шу билан бирга, юқоридаги МЧЖлар масъуллигида машина-трактор парки, Вирусли ва бошка инфекциялардан ҳоли уруғлик картошкани “in vitro” технологияси бўйича етиштириш лабораторияси қурилишини якунлаш режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, “Аgrover” масъулияти чекланган жамияти 2008-йил 19 августда ташкил этилган бўлиб, “Sof tabiat agro” МЧЖ унинг таъсисчиси ҳисобланар экан.
Саволлар қолмоқда
Лойиҳалар давлат томонидан 2021 йилнинг иккинчи чорагигача тўлиқ реализация қилиниши белгиланган. Вазифалар уддаланса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолисининг ўзбек рўзғорида бирламчи маҳсулотлардан бири бўлган картошкага талаби карантин шароитида қопланилишига эришилади.
Бироқ, ҳозир-чи? Вазият қандай? Жамоатчиликда бир неча саволлар пайдо бўлмоқда. Ўзбекистон озиқ-овқат захираси нуқтаи назаридан узоқ муддатли карантин шароитига тайёрми? Бирламчи маҳсулотлар резерви шаклланганми? Бу ҳақда қачон жамоатчиликка тўлиқ маълумотлар тақдим этилади?