Энди қурилиш майдонларида ҳавони ифлослантирмаслик учун мажбурий талаблар жорий қилинади

Жамият

image

Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб қурилиш майдонларида ҳавони ифлослантирмаслик учун мажбурий талаблар жорий қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида белгилаб қўйилди.

Фармонга кўра, 2024 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида камида 200 миллион туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда буталар кўчатлари, қаламчалари экилади, шунингдек, республикада 444 та яшил боғлар барпо қилинади. 

Шу билан бирга, Ўзбекистонда чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш доирасида 2024 йил 1 мартдан бошлаб:

  • Ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантириш, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган ҳамда соғлиғи ҳавонинг ифлосланишига таъсирчанлиги юқори бўлган бошқа фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилади;
  • Ўлчами 500 метр квадрат ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий қилинади;
  •  Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади. Бунда ушбу чекловлар махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмайди.

Шунингдек, 2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида “YEVRO – 5” ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чекланади.

Қолаверса, Тошкент шаҳрида ҳар ойнинг бир иш куни давомида автомобиллар ҳаракатланишини (жамоат транспортлари, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларидан ташқари) қисқартиришга қаратилган “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳаси амалга оширилади. Бунда биноси Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва бошқа ходимлари жамоат транспортида иш жойига келиши орқали намуна кўрсатиб боради. Бу экологияга автомобиллар чиқинди газларининг зарарли таъсирини камайтиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 февраль куни Ўзбекистонда аҳолини чанг бўрони ва ҳаво ифлосланишидан огоҳлантиришни бошлаш режалаштирилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

қурилиш ҳаво Фармон яшил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made