Энди қарғиш учун ҳам жавобгарлик белгиланяптими?
Жамият
−
05 Декабрь 2023
5804Ижтимоий тармоқларда “қарғиш учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда” мазмунидаги хабарлар тарқалиб, гўёки Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)гa тегишли ҳавола ҳам келтириб ўтилди. Аммо Адлия вазири матбуот котиби Севара Ўринбоева бу хабарларни рад этди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Мазкур хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ушбу мазмундаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилмаган”, дейди Ўринбоева.
Унинг қайд этишича, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)ga жойлаштирилган лойиҳаларга тизим томонидан автоматик равишда тегишли идентификация (ID) рақами берилади ва ушбу ID рақам ҳаволада акс этади.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси”ни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасига тизим томонидан 83183 ID рақами берилган ва бу тегишли ҳаволада ҳам акс этган (regulation.gov.uz/oz/d/83183).
“Ижтимоий тармоқ каналлари юритувчиларидан ёлғон ва нохолис, текширилмаган ахборотларни жамоатчиликка тарқатиш орқали фуқароларимизда турли хил тушунмовчиликларни келтириб чиқаришга йўл қўймасликларини сўраб қоламиз”, дейди матбуот котиб.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда автомобилларни агрессив бошқарган, дрифт ва шаҳмат шаклида ҳаракатланганларга нисбатан ҳам жавобгарлик белгиланиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси