Энди iPhone орқали қўшимча воситаларсиз тўлов қилиш мумкин
Технология
−
25 Июль 2023
2555Apple iPhone'лар орқали амалга оширилган савдо учун қўшимча ускуналарсиз тўлов қилиш имкониятини берувчи иловани яратди. Бу ҳақда "Retail Loyalty" нашри маълум қилди.
Ушбу амалиёт ҳозирча Буюк Британияда йўлга қўйилган. Бунда савдо корхоналари қўшимча ускуналардан фойдаланмасдан iPhone орқали тўловларни қабул қилиши мумкин.
“Янги имконият миллионлаб фойдаланувчиларга – кичик бизнесдан тортиб, йирик чакана савдо тармоқларигача – iPhone'дан фойдаланиб, савдони муаммосиз ва хавфсиз амалга ошириш имконини беради. Бунда кредит ва дебет карталари ёки бошқа рақамли ҳамёнларсиз, фақат iPhone ва ҳамкор томонидан қўллаб-қувватланадиган iОS иловасидан фойдаланилади”, дейилади Apple баёнотида.
Revolut ва Tyl by NatWest мижозларига iPhone'дан тўлаш хизматини таклиф қиладиган биринчи тўлов платформаларидир. Яқин келажакда Adyen, Dojo, myPOS, Stripe, SumUp, Viva Wallet, Worldline ва Zettle каби тўлов усуллари ҳам ушбу рўйхатга қўшилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, келгуси ҳафталарда iPhone'да "тўлаш" хусусияти Буюк Британиядаги Apple дўконларида ҳам пайдо бўлади. Кейинчалик эса ушбу хизмат бутун дунё бўйлаб амалиётга жорий этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Apple шу ой бошида Iphone 15 сериясининг 4 та модели сентябрь ойида сотувга чиқарилишини эълон қилди. Ушбу сериянинг iPhone 15 Pro Мах русуми Apple тақдим этган энг қиммат смартфон бўлиши кутилмоқда.
Севара Ҳусниддинова
LiveБарчаси