Энди ичимликлар таркибидаги шакар миқдорига қараб тамғаланиши мумкин
Local
−
19:40 478 3 minutes
Ўзбекистонда эндиликда Ўзбекистонда ичимликлар, таркибидаги шакар миқдорига қараб, тамғаланиши мумкин. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 29 сентябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Таркибида шакар миқдори юқори бўлган алкоголсиз ичимликларни белгилаш, ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида сўз боради.
Унга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган алкоголсиз ичимликларни тамғалашда ҳар 100 мл маҳсулотнинг таркибидаги умумий шакар миқдоридан келиб чиқиб қуйидаги мажбурий огоҳлантирувчи ёзувлар қўлланилади:
- 5 граммдан 8 граммгача шакар мавжуд бўлганда – сариқ фонда қора рангда “ЎРТАЧА ШАКАР МИҚДОРИ”;
- 8 граммдан 11 граммгача шакар мавжуд бўлганда – тўқ сариқ фонда қора рангда “ШАКАР МИҚДОРИ ЮҚОРИ”;
- 11 грамм ва ундан юқори шакар мавжуд бўлганда – қизил фонда оқ рангда “ЖУДА ЮҚОРИ ШАКАР МИҚДОРИ – ТЕЗ-ТЕЗ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ САЛОМАТЛИККА ЗАРАР”.
Бунда мазкур ёзувлар қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши лозим:
- маҳсулот қадоғининг олд қисмида жойлаштирилиши;
- қадоқ умумий юзасининг камида 15 фоизини эгаллаши;
- контрастли рангларда ифодаланиши;
- истеъмолчи томонидан биринчи қарашда аниқ кўринадиган тарзда жойлаштирилиши;
- маҳсулот таркиби, калорияси ҳамда кунлик истеъмол меъёри тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган QR-код билан таъминланиши.
Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси 2027 йил 1 мартга қадар алкоголсиз ичимликларни лаборатория таҳлилидан ўтказиш бўйича ягона методикани тасдиқлаши лозим.
Шунингдек, 2027 йил 1 сентябрга қадар мазкур методика асосида аккредитациядан ўтган лабораторияларда шакар миқдорини аниқлаш амалиёти йўлга қўйилиши ва доимий равишда ҳар чорак якунида таркибида шакар миқдори белгиланган миқдордан ошиб кетган алкоголсиз ичимликлар реестрини юритилишини ҳамда расмий веб-сайтларда жойлаштириб борилиши таъминланиши керак.
Бундан ташқари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ҳамда манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда таркибида шакар миқдори юқори бўлган алкоголсиз ичимликларни мониторинг қилишнинг ягона рақамли платформасини 2027 йил 1 декабрга қадар ишлаб чиқилади ва босқичма-босқич ишга туширилади.
Бунда платформа:
- товарларни рақамли маркировкалаш миллий ахборот тизими (“АслБелгиси”)нинг функционал модули сифатида, такрорий маълумот киритишни талаб қилмаган ҳолда яратилиши;
- ҳар бир маҳсулот бўйича 100 миллилитрдаги шакар (углеводлар) миқдори ва ширинлаштирувчи моддалар турлари тўғрисидаги маълумотларни мажбурий реквизит сифатида қамраб олиши ҳамда Солиқ қўмитасининг ахборот тизимлари билан “Рақамли ҳукумат” тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилиниши;
- декларация қилинган ва ҳақиқий таркиби ўртасидаги номувофиқликни аниқлаш мақсадида лаборатория текширувлари натижаларини рискка асосланган тарзда қамраб олиниши;
- умумлашган маълумотларнинг очиқ форматда эълон қилиниши ҳамда халқаро стандартларга (GS1 Digital Link) мослиги таъминланиши назарда тутилади.
Божхона қўмитаси 2028 йил 1 январга қадар импорт қилинаётган алкоголсиз ичимликлар таркибидаги шакар миқдорини электрон декларациялаш тизимини жорий этиши ва белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ҳолда тамғаланган маҳсулотларни мамлакат ҳудудига киритилмаслигини таъминлаши керак.
Шу билан бирга, 2027 йил 1 январдан бошлаб таълим муассасалари ҳудудида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ҳолда тамғаланган алкоголсиз ичимликлар савдосини босқичма-босқич чекланишини мумкин.
Ушбу қарор лойиҳаси муҳокамаси эртага, 14 октябрь куни якунланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда маркировкалаш талабларини бузган тадбиркорлар учун жавобгарлик енгиллаштирилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All