Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кеча, 18 ноябрь куни қабул қилган қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари ва товарларни ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, Давлат чегараси орқали ўтадиган барча шахслар, транспорт воситалари ва товарлар чегара, божхона, санитария-карантин, шунингдек, фитосанитария ва ветеринария назоратига тегишли бўлса, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказилади.
Ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида давлат назорати органлари томонидан ўтказиш пунктида ҳайдовчилар, товарлар ва транспорт воситаларининг назорат тартиб-таомиллардан ўтказилиши “Ягона дарча” божхона ахборот тизими асосида амалга оширилади.
Низомда ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларининг бўлиш вақти аниқ белгиланди.
Яъни, автотранспортнинг ўтказиш пунктида бўлиш вақти унинг тури ва ўтказиш пунктининг техник ҳолатига қараб қуйидаги муддатдан ортиқ бўлмаслиги керак:
• енгил автотранспорт воситалари – 15 дақиқа;
• юк автотранспорт воситалари – 30 дақиқа.
Низомда, шунингдек, қайси ҳолларда назорат тартиб-таомилидан ўтиш вақти белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.
Жумладан, ўтказиш пунктида фаолият олиб борувчи давлат назорати органлари қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаганида назоратдан ўтиш вақти белгиланган муддатдан ортиқ бўлиши мумкин.