Энди дарахт кесганлар новда экиб, уч йил парвариш қилади
Жамият
−
21 Ноябрь 2023
3959Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахслар кесилган дарахт ва бута ўрнига компенсациявий тарзда уларни экиш ҳамда уч йил давомида парвариш қилиш мажбурияти белгиланмоқда. Бу бўйича кеча, 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек дарахтларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик ёки шикастлантирганлик учун маъмурий жазо чоралари кучайтирилиб, бир-бирини такрорловчи нормалар чиқариб ташланмоқда.
Бундан ташқари, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахсларнинг кесилган дарахт ва бута ўрнига компенсациявий тарзда уларни айнан дарахт ва бута кесилган жойга экиш ҳамда уч йил давомида парвариш қилиш мажбурияти белгиланмоқда. Шу билан бирга, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесганлик ёки йўқ қилганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилиши назарда тутилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланган.
LiveБарчаси