Экологик партия раҳбари Мўйноқдаги электорат вакиллари билан учрашди
Жамият
−
28 Сентябрь
2161Бугун, 28 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Хамзаевнинг партия электорати вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Ўрмон хўжалиги агентлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси ходимлари, туризм соҳаси вакиллари, нуронийлар, ёшлар ва хотин-қизлар фаол иштирок этди.
Учрашувда партия раҳбари Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастури ҳақида батафсил маълумот бериб, илгари сурилаётган таклифлар электорат хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда тузиб чиқилгани, барча ўзбекистонликларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиши, шунингдек, экологияга алоқадор бўлган юқоридаги соҳалар ривожига бевосита таъсир кўрсатиши ҳақида сўз юритди.
Иқлим ўзгаришининг энг аянчли салбий оқибатларидан бири бўлмиш Орол фожиасидан хулоса қилган ҳолда амалга ошириш зарур деб ҳисобланаётган партиянинг сайловолди дастуридаги қуйидаги вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди:
- республиканинг қурғоқчил ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли орасида экологик муаммолар туфайли юзага келаётган касалликларни аниқлаш, доимий мониторинг қилиб бориш ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш;
- мамлакатнинг иқлим “юки” мониторингини ва иқлим ҳисобини юритиб бориш механизмларини жорий этиш;
- иқлим ўзгаришига чидамли янги нав ва зотлар яратишни рағбатлантириш, ушбу йўналишда олиб бориладиган тадқиқотлар кўламини кенгайтириш;
- Оролбўйи ҳудудида халқаро молия институтларини биохилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришини юмшатиш, чўлланишнинг олдини олишга қаратилган лойиҳа ва дастурларга кенг жалб этиш;
- Оролбўйи минтақасида жойлашган Қизилқум чўли ҳудудида саҳрога мос ўсимликлар экиш орқали қум-бўронлар кўтарилишининг олдини олиш ва яйловлар деградациясини тўхтатиш;
- Рамсар рўйхатига киритилган “Судочье-Акпетки” давлат буюртма қўриқхонасининг Судочье кўллар тизимидаги Судочье кўлида ва бошқа кичик кўлларда сув сатҳи пасайишининг олдини олиш чораларини кўриш;
- Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида экотизимни тиклаш ҳамда экотуризмни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш.
Учрашувда мазкур ташаббусларнинг ижро этилиши учун ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишини ва доимий равишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, партия фаоллари томонидан ўтган 5 йилда Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилиб, бу борадаги ишларни янада кучайтириш ва ҳудуд иқлимини яхшилаш партиянинг энг катта мақсадларидан эканлиги қайд этилди.
LiveБарчаси