Энди алимент тўламаганлар пулли жамоат ишларига мажбурий жалб қилинади
Жамият
−
12 Апрель 2023
5161Энди Ўзбекистонда алимент тўламаган шахс ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий жалб қилинади. Бу бўйича Президент Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қонунни имзолади.
Маълумотларга кўра, 2021 йилда республика бўйича вояга етмаган фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлаган 5,3 мингдан ортиқ фуқаро маъмурий қамоқ жазосига тортилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 8,7 мингдан ортган.
Қонунда алимент тўламаганлик учун белгиланган жарима ёки қамоқ жазоси алимент олувчи болага ҳеч қандай наф келтирмайди. Аксинча, шахснинг маблағи жарима учун ундирилишига ёки у қамоққа олиниб, 15 сутка мобайнида даромад топиш ва алимент тўлаш имкониятидан маҳрум бўлишига олиб келади.
Бунинг олдини олиш учун қонунга янги маъмурий жазо тури, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий жалб қилиш жазоси киритилмоқда. Бунда алимент тўламаган шахснинг жамоат ишларини бажариб олган ҳақининг тенг ярми алимент олувчига берилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда эр ёки хотин турмуш ўртоғининг ўз ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қиладиган бўлса ёки таҳқирласа, қўрқитса, яқин қариндошларидан ажратиб қўйса, қилмишнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади. Хусусан, шахс ўз турмуш ўртоғини ҳақоратлаб, қадр-қимматини таҳқирласа, 6 миллион сўм жаримага тортилиши, ғаразли ниятлар билан калтаклаб, баданига оғир тан жароҳати етказса 12 йилга озодликдан маҳрум қилиниши белгиланди.
LiveБарчаси