Эмина Эрдўған таклифига кўра, “Халқаро чиқиндиларсиз кун” жорий қилинди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясига ўтган йили Туркия томонидан иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор ривожланиш режаларини ишлаб чиқиш бўйича киритилган таклифга кўра, 30 март "Халқаро чиқиндиларсиз кун", деб эълон қилинди. 

Маълумот учун, ушбу лойиҳа "Zero Waste" (ноль чиқинди) деб аталади. Ундан мақсад исрофгарчиликнинг олдини олиш, ресурслардан самаралироқ фойдаланиш, сабабларини кўриб чиқиш орқали чиқиндилар пайдо бўлишининг олдини олиш ёки минималлаштириш ҳамда чиқиндиларни алоҳида йиғиш ва қайта тиклаш ҳисобланади.

Чиқиндиларсиз фалсафа нафақат бошқа соҳалар, балки турк ошхонасининг ҳам ажралмас қисмига айланиб улгурган. У ўсимлик ва ҳайвонот материалларининг барча элементларидан фойдаланиш бўйича ечимларни таклиф қилади. Табиий ва органик материаллардан тайёрланган таомлар, веган ва вегетариан таомлари узоқ вақтдан бери турк дастурхонларида асосий ўринни эгаллаган. Турк ошхонаси хилма-хил турдаги деярли ҳар бир таомида маҳсулотларни исроф қилмасдан ишлатишга чақиради. 

Мамлакат, шунингдек, миллий барқарор туризм дастурини шакллантириш бўйича Глобал Барқарор Туризм Кенгаши (GSTC) билан ҳамкорлик шартномасини ҳам имзолаган. Келишув доирасида келгуси уч йил ичида туризм саноатини қайта қуришни мақсад қилган Туркия, ҳукумат билан барқарор туризм бўйича миллий дастур ишлаб чиққан. Ўтган йили бошланган дастур маҳаллий аҳоли учун ижтимоий ва иқтисодий манфаатларни максимал даражада ошириш, маданий меросни кўпайтириш, атроф-муҳитнинг ифлосланишини олдини олиш ва ресурсларни тежаш билан бирга биохилма-хиллик, экотизимлар ва табиий гўзалликни муҳофаза қилиш вазифаларини мақсад қилиб олган.

Маълумот учун, чиқиндиларни қайта ишлаш, одамларда чиқиндини тўғри ташлаш маданиятини юксалтириш ва дунёни заҳарланишдан қутқариш йўлидаги лойиҳа муаллифи Туркия Республикасининг Биринчи хоними Эмина Эрдўған ҳисобланади. 

Биринчи хоним ташаббуси билан Туркияда “Ноль чиқинди” лойиҳаси бошланди. Бу лойиҳа орқали аввало дунёни чиқиндилардан тозалаш, бунинг ортидан эса уларни тўплаб, қайта ишлаш мақсад қилинди. 

Чиқиндилардан саноат учун хом ашё тайёрланади. Қайта ишлаш имкони бўлмаганлари эса энергетика соҳасига йўналтирилади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш аввал давлат ташкилотларидан бошланди.

Илк қадам Туркия Республикаси Президенти саройида ташланди. Саройга махсус чиқинди қутилари ўрнатилди. Пластик чиқиндилар учун, қоғоз чиқиндилар, қолаверса, озиқ-овқат қолдиқлари учун алоҳида қутилар ҳозирланди. Кейин бу амалиёт бошқа ташкилотларда ҳам амалга оширилди. Айни вақтда мамлакатдаги 21 мингдан ортиқ ташкилотда “Ноль чиқинди” лойиҳасининг махсус чиқинди қутилари мавжуд. 

Туркий давлатлар ташкилотининг 10-11 ноябрь кунлари Ўзбекистонда ўтказилган 9-саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келган Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга рафиқаси – мамлакат биринчи хоними Эмина Эрдўған ҳамроҳлик қилди.

Ташриф доирасида Эмина Эрдўған Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёевага портрет совға қилди. Ушбу портретда хоним Мирзиёеванинг сурати акс этган бўлиб, у минглаб буюмлар бўлакларидан тайёрланган. 

Нодиржон Мадаминов


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Эмина Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг