Embraer 190 ташқи таъсирга учраган – Алиев

Олам

image

Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида қулаган Embraer 190 самолёти Россия ҳудудида ташқи таъсирга учраган. Бу ҳақда бугун, 28 декабрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Россия Президенти Владимир Путин билан телефон суҳбатида маълум қилди.

Билдирилишича, суҳбат давомида Илҳом Алиев самолёт Россия ҳаво ҳудудида ташқи физик ва техник таъсирга учрагани, бошқарувни бутунлай йўқотиб, Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри томон йўналтирилгани ва фақат учувчиларнинг жасорати ҳамда профессионаллиги туфайли фавқулодда қўнишни амалга ошира олганини таъкидлаган. У, шунингдек, самолёт фюзеляжида кўплаб тешиклар борлиги, йўловчилар ва экипаж аъзолари ҳаво кемаси ичига кирган бегона жисмлар туфайли жароҳат олгани ҳақида маълумот берган. Ушбу ҳолатни самолёт бортида омон қолган йўловчи ва экипаж аъзолари ҳам тасдиқлаган.

Суҳбат давомида давлат раҳбарлари ушбу фожианинг барча тафсилотларини жиддий ва ҳар томонлама текшириш, айбдорларни жавобгарликка тортиш масалаларини ҳам муҳокама қилган.

Илҳом Алиев Озарбайжон томони таклифига кўра, ҳалокат сабабларини ҳар томонлама ўрганиш учун халқаро экспертлардан иборат гуруҳ ташкил этилганини ва бу гуруҳ аллақачон иш бошлаганини маълум қилган. Давлат раҳбарлари ҳодиса юзасидан бошланган тергов жараёни мутлақо шаффоф бўлиши ва жамоатчиликни мунтазам равишда хабардор қилиб турилиши таъминланишини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, Озарбайжон ҳаво йўллари йўловчи самолёти билан боғлиқ фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун узр сўраган эди.

Embraer 190 самолётининг қулаши

25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди. Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.

Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россияниг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.
Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди.  

Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев Embraer 190

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг