Ўзбекистон элчиси Германия Президентига ишонч ёрлиғини топширди
Жамият
−
26 Октябрь 2023
4755Ўзбекистон Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Дилшод Ахатов Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайерга ишонч ёрлиғини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
“Тақдимот маросимидан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда кўп қиррали Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Германия Федерал Президенти қароргоҳида ишонч ёрлиқларини топшириш маросими якунида Ўзбекистон Республикаси байроғи кўтарилган.
Маълумот учун, Дилшод Ахатов 51 ёшда. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Москва давлат халқаро муносабатлар институтини тамомлаган. Ахатов ТИВ тизимида стажёр сифатида иш бошлаган ҳамда бошқарма бошлиғи, Бош бошқарма бошлиғи, Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган.
2010−2013 йилларда у Ўзбекистоннинг Германиядаги ҳамда ўриндошлик бўйича Швейцария, Чехия, Швеция ва Испаниядаги элчиси бўлган. Берлинга тайинланишидан олдин Дилшод Ахатов 2020–2023 йиллар давомида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасини бошқарган.
Эслатиб ўтамиз, Дилшод Ахатов 2017-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси лавозимида ишлаган Набижон Қосимовнинг ўрнини эгаллаганди. У ўтган ойда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи арафасида Берлинга борганди.
LiveБарчаси