“Электробусларни қувватлаш учун эрталабгача турамиз”. Ҳайдовчиларнинг муаммоси ҳал бўлдими?
Жамият
−
23 Август 2023
6003Ижтимоий тармоқларда “2-Автобус саройи” филиали ҳайдовчиларининг электробусларни қувватлашда юзага келаётган техник носозликлар ҳамда ойлик маошлари билан боғлиқ муаммоларидан шикоят қилган видеомурожаати тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти муносабат билдириб, юқоридаги камчиликлар ҳал этилаётганини маълум қилди.
Муҳокамаларга сабаб бўлган видеода 10 га яқин ҳайдовчининг масъулларга мурожаат қилиб, электробусларни қувватлашда юзага келаётган муаммолар ҳаракат жадвалидаги тартиб ва кетма-кетликнинг бузилиши ва кун якунида “план” тўлмаётганидан арз қилаётганини кўриш мумкин.
“Ҳар куни шунақа аҳвол. Битта смена ишлаяпти, иккинчиси заправка қиляпти. Соатларимиз, мунтазамлик бузилган. Режаларни бажара олмаяпмиз. Кечаси келамиз, эрталабгача турамиз”, дейди ҳайдовчилар.
Маълум қилинишича, юқоридаги муаммоларни тезкор бартараф этиш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раиси, мутасадди ходимлари, шунингдек, Идоралараро тезкор штаб аъзолари ҳамда ҳайдовчилар иштирокида мажлис ташкил этилган.
“Учрашувда ҳайдовчиларни қийнаб келган муаммолар очиқ-ойдин тингланиб, ушбу муаммоларга тезкор ечим топишда олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди”, дейилади АЖ хабарида.
Ҳайдовчилар видеомурожаат эълон қилинганидан бир кун ўтиб, тизимдаги камчиликлар бирин-кетиб ҳал қилингани, маош масаласидаги талаблар ҳам қаноатлантирилганини билдирди.
“Мурожаатимиздан кейин эртаси куни мажлис ўтказиб, бошқа автопарклардаги “зарядка“ жойлари бизга бўлиб берилди. Ҳозир ўзимизни графикка улгуряпмиз, зарядлаш учун эрталабгача қолиб кетмаяпмиз. Ойлик масаласига келсак, шу ҳафта охиригача тушириб беришни ваъда қилишди”, деди ҳайдовчилардан бири.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь