Электр энергияси узилишида истеъмолчилар ҳам айбдорлиги айтилди

Жамият

image

Қиш мавсуми яқинлашиши билан электр муаммоси пайдо бўлади. Истеъмолчи етказиб берувчини айбласа, электр етказиб берувчилар эса истеъмолчиларни айблашади. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджоновнинг маълум қилишича, истеъмолчи ишлатилган электр энергияси ҳақини вақтида тўласа, бу каби муаммолар бўлмайди. 

“ОAВ оқали электр энергиясини чеклаш, жойларни вақтида электр энергияси билан таъминламаслик ҳолатлари кўплиги ҳақида ёзиляпти. Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ, занжир бор. Электр энергетика соҳасида 55 мингта ходим ишлайди.  “Ҳудудий электр тармоқлари”да 26 мингта ходим фаолият олиб боради. Ҳар бир ходимга вақтида маоши берилиши, улар эса солиқ тўлаши керак. Инвестиция ва ремонтларини амалга ошириши керак. Буларнинг барчаси маблағ талаб этади. 

Электр энергияси ишлаб чиқарилади. У тронспортировка қилинади ва истеъмолчиларга тақсимланади. Ҳар бир бўғимда бир неча минг ходим ишлайди, шу билан бирга маълум лойиҳалар амалга оширилади. Истеъмолчилар томонидан вақтида пул тўланганда, биз электр энергияси учун “Миллий электр тармоқлари”га етказардик, улар “Иссиқлик электр станцияси”га бериларди ва улар вақтида инвестицион лойиҳаларни амалга ошираган бўлишарди. Барчага яхши маълум 80% электр энергияси газ ҳисобидан ишлаб чиқарилади. Aгар истеъмолчи маблағни вақтида берса, газга ҳам пул етиб боради”, дейди Жаҳонгир Обиджонов.    

Унинг айтишича, ҳозирга келиб бир кунда  30 мингдан  50 мингтага яқин аҳоли электр энергиясидан узилмоқда. Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида ҳисоблагичлар 100%  ўрнатилган. Тошкент туманининг ўзида 17 мингта электр энергиясидан қарздорлик аниқланган ва электр энергиясидан узилган. Натижада Тошкент туманида истиқомат қилувчи истеъмолчилар электр энергиясидан қарздорлик учун 4 млрд сўм маблағ тўлаган. 

“Электр энергияси истеъмолчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги 3981-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни жадаллаштириш чора-тадирлари тўғрисида”ги 594-сонли қарорларига асосан, АСКУЭ тизимига мос келувчи ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бугунги кун ҳолатига республика бўйича жами 4 миллион 765 минг 255 нафар ёки 64 фоиз истеъмолчилар учун ҳисоблагичлар ўрнатилиб, фуқароларнинг қарийб 2,5 миллион нафари ёки 51 фоизи биллинг тизимига уланди.

Биринчи навбатда электр энергияси истеъмолчиларига АСКУЭ тизимини жорий этишдан асосий мақсад, истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлаш, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш, шу билан бирга, истеъмолчилар фойдаланган электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, электр энергиясини тақсимлашда ҳар бир истеъмолчи ва трансформатор пункти кесимида керакли маълумотларни олиш ва таҳлил қилиб бориш, шу билан бирга, ушбу олинган маълумотлар асосида модернизация ишларини амалга ошириб бориш имконияти яратилади”, деб қўшимча қилди Жаҳонгир Обиджонов. 

Эслатиб ўтамиз, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вилоятлар кесимида қарздорлик ҳолатлари бўйича маълумот берди. Қарздорлик бўйича биринчиликда Самарқанд вилояти бормоқда. 

Маълумот ўрнида, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди. Қарор лойиҳасида барча электр энергияси истеъмолчиларига электр энергиясини етказиб бериш фақат олдиндан тўлов асосида амалга оширилиши шартлиги белгилаб қўйилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳудудий электр тармоқлари

Баҳолаганлар

69

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг