Электр ҳисоблагич кимнинг маблағидан ўрнатилади?

Жамият 3896
image

Электр энергияси таъминоти корхоналари томонидан ўзларига юклатилган вазифаларни бажармаслик, яъни электр энергияси ҳисоблагичларини сотиб олиш, ўрнатиш ва қиёслаш билан боғлиқ ишларни истеъмолчининг зиммасига юклаш электр энергияси таъминоти билан боғлиқ кўплаб муаммолардан биридир. Монополияга қарши курашиш қўмитаси шу ва бошқа муаммоларни ўрганиш ишларини олиб бориб, Тошкент вилоятидаги бир ҳолатга дуч келган.

Тошкент вилояти, Зангиота туманида яшовчи фуқаро А.И. томонидан янги қурилган хонадонини электр энергияси тармоғига улаш ва ҳисоблагич ўрнатиб бериш бўйича электр таъминоти корхонасига бир неча бор мурожаат қилган бўлиб, таъминотчи истеъмолчига ҳисоблагични унинг ҳисобидан сотиб олган тақдирда ўрнатиб берилиши маълум қилинган.

Бугунги кунда электр энергияси ҳисоблагичининг ўртача нархи 400-450 минг сўмни ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида маиший истеъмолчиларга электр энергияси ҳисоблагичларини сотиб олиш, ўрнатиш, рўйхатга олиш, даврий давлат қиёсловидан ўтказиш ва пломбалаш, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Ўтказилган ўрганиш натижасида истеъмолчининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниб, ҳисоблагич электр тармоқлари корхонаси ҳисобидан ўрнатилиши ҳамда истеъмолчининг тармоққа уланиши таъминланган.

Қайд этилишича, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларидан тўлиқ хабардор эмаслиги, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан етарлича тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмаётганлиги натижасида жойларда бундай ҳолатлар учрамоқда.

"Агар, Сиз мана шу каби ҳолатларга дуч келсангиз ёки табиий монополия субъектлари томонидан манфаатларингиз камситилаётган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига ёки унинг ҳудудий бошқармаларига белгиланган тартибда мурожаат қилишингиз мумкин", дейилади қўмита хабарида.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 93
Рейтинг: 2.9
t
×