Эквадордаги тартибсизликларда жиноий тўдаларнинг 329 аъзоси ҳибсга олинди (видео)
Олам
−
11 Январь
3833Эквадор ҳарбийлари ва полиция ходимлари мамлакатда қуролли тартибсизликлар бошланганидан сўнг жиноий тўдаларнинг 329 нафар аъзосини қўлга олди, яна 5 нафарини ўлдирди. Бу ҳақда мамлакат Қуролли кучлари қўшма қўмондонлиги раҳбари Хайме Вела Эрасо маълум қилди.
“Биз турли калибрли 61 та қурол, 418 та ўқ-дори, 24 та портловчи мосламани топдик, 329 нафар террорчини қўлга олдик. 41 киши асирликдан қутқарилди. Биз беш нафар террорчини йўқ қилдик”, дейди Вела.
Қўмондонлик бошлиғига кўра, учта қуролли жиноий гуруҳ билан тўқнашувдан сўнг хавфсизлик кучлари қочиб кетган 28 маҳбусни қамоқхонага қайтарган.
Эквадор Президенти Даниэль Нобоа мамлакатдаги хавфсизлик инқирози сабабли республика расмийлари шу ҳафтадан бошлаб қамоқдаги хорижликларни чиқариб юборишни бошлашини маълум қилган.
“Биз шу ҳафта бошлаймиз. Бизда колумбияликлар, венесуэлаликлар ва перуликлар бор, улар қамоқхоналаримиздаги хорижликлар сонининг 90 фоизини ташкил қилади. Шундай қилиб, биз иш юкини ва давлат харажатларини камайтирамиз. Гап давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган 1,5 минг киши ҳақида бормоқда”, дейди у.
Шунингдек, у Колумбия Эквадорга ёрдам бериш истагини билдирганини айтган.
“Ажойиб, биз уларга Эквадор қамоқхоналарида сақланаётган 1,5 минг маҳбусни юборамиз. Улар аллақачон беш йил жазо муддатини ўтаган ва қонунга кўра, улар озодликка чиқарилиши мумкин. 1,5 минг маҳбусни қамоқхонадан олиб, чегарага олиб боришимиз мумкин”, дейди давлат раҳбари.
Эквадордаги вазият 7 январь куни “Лос Чонерос” жиноий ташкилоти етакчиси, Фито лақабли Адольфо Масиас қамоқдан қочиб кетгани маълум бўлгач, кескинлашди. Айни пайтда Эквадорнинг бир қанча қамоқхоналарида тартибсизликлар бошланган.
9 январда Гуаякилда (Эквадорнинг энг гавжум шаҳри, пойтахт Китодан 250 км жануби-ғарбда жойлашган) қуролланган шахслар “TC Televisión” давлат телеканали студиясига бостириб кириб, журналистларни гаровга олган.
Шунингдек, 9 январь куни мамлакатдаги иккинчи йирик гуруҳ раҳбари “Лос Лобос”, капитан Пико лақабли Фабрисио Колон Пико Чимборасо қамоқхонасидан қочиб кетган. Шундан сўнг, Президент Нобоа мамлакатда ички қуролли можаролар режимини жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь