Эквадорда қуролланган одамлар жонли эфир вақтида телеканални эгаллаб олди (видео)
Олам
−
10 Январь
8460Эквадорнинг “TC Televisión” телеканалининг Гуаякиль шаҳридаги студияси жонли эфир вақтида қуролланган шахслар томонидан босиб олинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода ниқоб кийган одамлар телеканал ходимларининг бошига қурол тираб, уларни ётишга мажбур қилишган.
“Reuters” ёзганидек, студияда отишма ва ҳайқириқлар эшитилган. Полиция йўқлиги айтилгач эшиттириш тўхтатилган.
“El Universo” газетасининг аниқлик киритишича, маҳаллий вақт билан соат 15:00да бошланиши керак бўлган эфир узатилишидан сал аввал, телеканал студиясига қуролланган одамлар кириб келган.
Гувоҳларнинг айтишича, қуролланганлар камида 10 киши бўлган.
Эквадор полицияси телеканал студиясини эгаллаб олган бир неча киши аллақачон ҳибсга олингани ҳақида маълум қилган. Воқеа жойига етиб келган полиция ҳам бир неча кишини эвакуация қилган.
Эквадор Президенти Даниэль Нобоа телеканалнинг қўлга олинишига жавобан мамлакатда ички қуролли можаро режимини эълон қилган.
“Reuters” агентлигига кўра, телеканалга қилинган ҳужум камида етти нафар полициячининг ўғирлаб кетилиши ва турли шаҳарларда қатор портлашлар содир бўлганидан кейин юз берган.
Шунингдек, бу воқеа йирик жиноий тўда етакчиси, Фито лақабли Адольфо Масиаснинг қамоқдан қочиб кетиши ва бир қанча ахлоқ тузатиш муассасаларида асирларни гаровга олиши сабабли мамлакатда 60 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилганидан кейин содир бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь