Экрем Имомўғли коррупция иши бўйича оқланди

Олам

image

Туркия суди Истанбулнинг собиқ мэри Экрем Имомўғлини у Бейликдузу туманига раҳбарлик қилган даврдаги коррупция иши бўйича оқлади. Бу ҳақда кеча, 24 октябрь куни “Cumhuriyet” хабар берди.

Экрем Имомўғли ва яна олти киши устидан иш 2023 йил январь ойида қўзғатилган. Айбловга кўра, сиёсатчи 2015 йилда Бейликдузу тумани ҳокими лавозимида ишлаган чоғида тендер натижаларини сохталаштиришда иштирок этган. Бунинг ортидан эса унга уч йилдан етти йилгача қамоқ жазоси таҳдид солаётганди.

Судланувчининг адвокати Нусрет Йилмаз суд мажлисида айблов томони беш маротаба ўтказилган суд жараёнларига қарамай, ҳали ҳам айблов хулосасини тайёрламаганини танқид қилган.

“Суд Имомўғли ва Бейликдузу туманининг собиқ олти нафар ходимини жиноят таркибининг аниқланмагани сабабли коррупция ишида оқлади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 октябрь куни Истанбул бош прокуратураси Имомўғли ва бир қатор бошқа амалдорларга қарши 2019 йилги шаҳар мэри сайловлари билан боғлиқ жосуслик гумони асосида янги жиноят иши қўзғатганди.
 
Қайд этиш жоиз, илк бор Экрем Имомўғли ва унинг матбуот бўйича маслаҳатчиси Мурат Онгун 19 март куни коррупцияга қарши ўтказилган махсус операция доирасида қўлга олиниб, судга олиб келинган эди. Шундан сўнг мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бу вазиятга муносабат билдириб, мухолифатни Имомўғли ҳибсга олишини сиёсийлаштиришда айблади. Орадан кўп ўтмай, Туркия суди Экрем Имомўғлини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Шаҳар мэри лавозимини мухолифат партиясининг вакили Нури Аслан эгаллади. Июль ойида эса Истанбул собиқ мэрига прокурорни ҳақорат қилгани учун 20 ойлик ҳақиқий озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлангани маълум бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Экрем Имомўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг