Имомўғли 20 ойга қамалди
Олам
−
16 Июль 5868 3 дақиқа
Истанбул шаҳрининг собиқ мэри, мухолифатдаги “Жумҳурият Халқ” партияси аъзоси Экрем Имомўғли судда бош прокурорга таҳдид қилиш ва ҳақорат қилишда айбланиб, 1 йил 8 ойлик (20 ой) қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Hurriyet” хабар берди.
Суд қарорига кўра, жиноят Имомўғлининг жорий йил 20 январдаги чиқишлари билан боғлиқ. Ўшанда Имомўғли Истанбул бош прокурорини сиёсий мақсадларда текширувлар олиб боришда айблаган. У судда барча айбларни рад этган ва уларни сиёсий жиҳатдан қуролланган босим деб атаган.
Ҳукм икки апелляция судида тасдиқланиши керак. Қайд этилишича, Имомўғлини сиёсий фаолиятидан чеклаш назарда тутилмаган, аммо агар ҳукм апелляцияда тасдиқланса, бу унинг президент сайловларидаги иштирокига тўсқинлик қилиши мумкин. Ушбу қамоқ жазосининг яна бир салбий томони шундаки, Истанбул университети томонидан Имомўғлининг дипломи бекор қилинган, бу эса унинг келажакдаги сайловларда иштирокига тўсқинлик қилиши ҳам мумкин.
Собиқ мэр 2028 йилдаги президентлик сайловларида “Жумҳурият Халқ” партияси номзоди сифатида илгари сурилган бўлса-да, агар бу ҳукм апелляцияда тасдиқланса, у сайловларда қатнаша олмаслиги эҳтимоли мавжуд.
Умуман, Экрем Имомўғлига нисбатан бошландиган судлар Туркияда мухолифатни бостириш ва амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг сиёсий таъсир доирасини кенгайтиришга йўналтирилган ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.
Жорий йилнинг 23 март куни эрталаб Имомўғли суд қарори билан ҳибсга олинган. Шу куни Республика Халқ партияси Имомўғлини Туркия президентлигига номзод қилиб кўрсатди ва у номзодликка тасдиқланди. Праймеризлар давомида унинг номзодини 13,2 миллион фуқаро қўллаб-қувватлади – бу рўйхатга киритилган барча сайловчиларнинг қарийб 20 фоизига тенг.
Имомўғлининг таъқиб қилиниши Туркияда 2013 йилдан бери энг йирик норозилик тўлқинига сабаб бўлди. Собиқ ҳоким ҳибсга олинганидан кейинги 10 кун ичида бутун мамлакат бўйлаб уни қўллаб-қувватловчи 220 га яқин намойиш бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойи ўрталарида Истанбул шаҳрининг собиқ ҳокими, мухолифатдаги “Жумҳурият Халқ” партияси аъзоси Экрем Имомўғли Анқарада сўзлаган нутқида Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг даври тугаганини айтганди. У Эрдўған сиёсати фақатгина ёмонлик келтирганини таъкидлаганди. 19 март куни махсус операция давомида Имомўғли ва унинг матбуот билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Мурат Онгун қўлга олинди. Мазкур ҳолат Туркияда намойишларга ҳам сабаб бўлди. Адлия вазири Йилмаз Тунч воқеалар юзасидан тегишли баёнотини эълон қилди ва Имомўғлининг ишига Эрдўғаннинг алоқаси йўқ эканини айтиб чиқди.
Коррупция ва терроризм иши бўйича ҳибсга олинган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли 22 март куни ўзига қўйилган барча айбловларни рад этди. Ўша куни у суд биносига олиб борилди. Бош прокуратура суд биносига юборилган 90 нафар гумондор учун 30 нафар прокурор тайинлади. Аста-секин Имомўғли билан боғлиқ суд қарорлари эълон қилина бошланди. Шундан сўнг, Имомўғли аҳолини 23 март куни ўтказиладиган оммавий митингларда қатнашишга чақирди.
Live
Барчаси