Эковазирлик Тошкент вилояти ҳавоси нега тоза эканини изоҳлади
Жамият
−
12 Февраль
7669Жорий йил 7 февраль куни Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Тошкент вилоятида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши даражасини аниқлаш, таҳлил қилиш ва уларга нисбатан чора кўриш мақсадида ўрганиш ўтказилган. Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб 9 та нуқтадан ҳавонинг ифлосланиши бўйича кўчма лаборатория орқали таҳлиллар олинган.
Таҳлил натижаларига кўра, PM-2.5, 10 ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган меъёридан ортиқча ташланаётгани ҳолати аниқланмаган. Бу хабар эса интернет фойдаланувчилари ўртасида муҳокама ва танқидларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши мониторинги акс этган видеолавҳада ўлчаш ускунаси PM-2,5 бўйича бир марталик 0,209 мг/м3 ни кўрсатган. Мутахассислар томонидан айнан ушбу ҳудуд учун ўртача бир кунлик ифлосланиш даражасини аниқлаш мақсадида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) тавсиялари бўйича кун давомида бир неча бор ўлчов ишлари амалга оширилган. Ҳудуддаги аксарият иссиқхоналар Тошкент иссиқлик электростанциясидан ҳосил бўладиган иссиқ сув орқали иситиш тизимидан фойдалангани сабабли, кунлик локал ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрлардан ошмагани аниқланган.
Ижтимоий тармоқларда атмосфера ҳавосида PM-2,5 зарраларининг белгиланган меъёридан 40 маротаба ортгани тўғрисидаги хабарда ҳисоблаш методикаларига амал қилинмаган, яъни унда 209 мг/м3 – бир марталик меъёрни ЖССТнинг ҳаво сифати бўйича тавсиясининг эришилиши мумкин бўлган энг юқори ўртача йиллик кўрсаткичга – 0.005 мг/м3 (5 мкг/м3)га бўлиш орқали ҳисобланган.
“Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасида ЖССТнинг ҳаво сифати бўйича глобал тавсияларидаги 1-оралиқ мақсадларига мувофиқ 2023 йил 7 августдаги 0053-23-сон Санитария қоидалари ва нормалари тасдиқланган. Унга кўра, (PM-2,5) бир марталак ўлчаш меъёри белгиланмаган, унинг кунлик меъёри (0,06 мг/м3,) ва йиллик меъёри (0,035 мг/м3,) этиб белгиланган”, дейилади муносабатда.
Билдирилишича, Тошкент вилоятида ноябрь-февраль ойларида 607 та иссиқхона ўрганилган. Улардан фақат 53 тасида чанг-газ тозалаш филтрлари ўрнатилгани (улар ҳам талабга жавоб бермайдиган (99,5 фоиз) қўлбола усулда ишлаб чиқарилган бўлиб, самарадорлиги 60 фоиздан ошмайди), 199 тасида экологик экспертиза хулосалари олинмагани, 18 тасида кўмирдан ташқари резина қолдиқлари, шох-шаббалар ва бошқа чиқиндилар ёқилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар бўйича иссиқхоналарнинг 154 тасига нисбатан қатъий жазо чоралари кўрилган, жумладан, 95 таси фаолияти тўхтатилган ва 49 тасига маъмурий жарима қўлланилган, 376 тасига экологик талабларга риоя этилиши бўйича кўрсатмалар берилган.
LiveБарчаси