“Эгасиз” жасадлар тиббиёт олийгоҳларига берилиши мумкин. Қирғизистонда

Олам

image

Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеш депутати Жилдиз Садирбоева қариндошлари ёки яқинлари томонидан сўралмаган (эгасиз) жасадларни талабаларни ўқитиш учун тиббиёт олий ўқув юртларига топширишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.

Депутатнинг сўзларига кўра, зўравонлик билан ўлим белгилари бўлмаган, шахси аниқланган, касаллик ташхиси ва ўлимнинг сабаби тасдиқланганидан кейин 30 кун ичида қариндошлари томонидан даъво қилинмаган вафот этган шахснинг жасади  тиббиёт билим юртларига берилса, талабалар анатомик материаллар билан ишлашда кўникма ҳосил қилади ҳамда сифатли тиббий таълим, шунингдек, илмий тадқиқотларга комплекс ёндашувни таъминлайди.

Депутат “даъво қилинмаган жасад” тушунчасига аниқ таърифни киритишни таклиф қилиб, тегишли органларнинг ёзма сўрови ва ички ишлар органларининг рухсати асосида илмий-тадқиқот ташкилотлари ва олий касб-ҳунар тиббиёт ташкилотларига ўтказишнинг шаффоф механизмини йўлга қўйилиши кераклигини айтмоқда. Унинг фикрича, даъво қилинмаган жасадлардан тиббий таълим ва илмий тадқиқотлар учун фойдаланиш тартибини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий нормаларни белгилаш зарур.

Маълумот учун, бугунги кунда Қирғизистонда 12 та давлат таълим ташкилоти тиббиёт йўналишида 17 минг 449 нафар, 22 нодавлат таълим ташкилоти эса 16 минг 835 нафар тиббиёт йўналишида талаба тайёрлайди. Тиббиёт йўналишларида жами 34 минг 284 нафар талаба таҳсил олмоқда. Қирғизистон Патологик бюросининг статистик маълумотларига кўра, 2023 йилда 204 та, 2024 йилда 193 та, 2025 йил бошидан эса 15 та яқинлари сўралмаган жасад рўйхатга олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британияда экологияга етказиладиган зарар миқдорини камайтириш мақсадида ўликларни ишқорли сувда эритиш амалиёти жорий этилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Бунёд Келдибоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қирғизистон жасадлар Жилдиз Садирбоева тиббиёт олийгоҳлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг