Эболадан ўлганлар сони 600 дан ортди
Олам
−
08:28 582 2 дақиқа
Конго Демократик Республикасида Эбола вируси янги ҳудудга тарқалаётгани қайд этилди. Мамлакатнинг янги провинциясида Эболага гумон қилинган ҳолатлар аниқланиб, қурбонлар сони 600 нафарга етди. Бу ҳақда ҳукуматнинг кеча, 8 июль куни кечаси эълон қилинган сўнгги эпидемиологик ҳисоботида айтилди.
Маълум қилинишича, 15 май куни расман эълон қилинган эпидемия шу пайтга қадар мамлакатнинг шарқий қисмидаги Итури, Шимолий Киву ва Жанубий Киву провинцияларида 1 759 кишига юққан. Бироқ ҳисоботда қайд этилишича, мазкур рақамларга Конгонинг йирик шаҳарларидан бири бўлган Тшопо провинцияси маркази Кисанганида аниқланган икки ҳолат киритилмаган.
Ушбу икки ҳолатдан бири Эболанинг дастлабки ўчоғи ҳисобланган Итури провинциясидаги Ниания тиббий ҳудуди билан боғлиқ. Иккинчи ҳолат эса Кисанганидан ташқари ҳеч қандай географик боғлиқликка эга эмаслиги айтилмоқда.
Ҳисоботга кўра, ушбу ижобий таҳлил натижалари ҳозирда тасдиқловчи лаборатория текширувларидан ўтказилмоқда. Тасдиқланганидан кейин улар расмий касалланишлар статистикасига қўшилади.
Шу билан бирга, Кисанганида касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида кузатув ишлари, мулоқотда бўлган шахсларни аниқлаш ва бошқа чеклов чоралари кучайтирилган.
8 июль куни кечаси эълон қилинган ҳисоботда сўнгги 24 соат ичида 51 та янги касалланиш ҳолати ва 20 та ўлим қайд этилгани маълум қилинган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса бу ҳафта эпидемия ҳали барқарорлашмаганини ва аҳолининг кўчиб юриши вирус тарқалишини кучайтираётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида (КДР) Эбола безгаги туфайли тасдиқланган ўлим ҳолатлари сони бир суткада 14 тага кўпайиб, 506 нафарга етган эди.
Live
Барчаси