Эбола вируси тарқалиши ортидан ЖССТ фавқулодда ҳолат эълон қилди
Олам
−
18 Май 2854 2 дақиқа
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Конго Демократик Республикасидаги Эбола вируси тарқалишини халқаро даражада фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ташкилотнинг маълумотига кўра, мамлакатнинг шарқидаги Итури провинциясида Эбола вирусига оид 246 га яқин гумонли ҳолат ва 80 та ўлим қайд этилган. Ҳозирча лабораторияда саккиз кишида Эбола вируси тасдиқланган.
ЖССТ касалланганлар сони расмий маълумотлардан анча кўп бўлиши мумкинлиги ва вируснинг маҳаллий ҳамда минтақавий даражада кенг тарқалиш хавфи юқори эканлиги ҳақида огоҳлантирди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, ҳозирги эпидемия Эбола вирусининг Бундибугио штамми билан боғлиқ. Ушбу турга қарши ҳозирча тасдиқланган вакцина ёки махсус дори воситаси мавжуд эмас.
Маълумот учун, Эбола илк бор 1976 йилда Конго Демократик Республикасида аниқланган. Олимлар вирус одамларга мевали кўршапалаклар орқали юққан бўлиши мумкин деб ҳисоблайди. Касалликнинг дастлабки аломатлари орасида иситма, мушак оғриғи, бош оғриғи, чарчоқ ва томоқ оғриши кузатилади. Кейинчалик қусиш, диарея, тошма ва айрим ҳолларда ички ҳамда ташқи қон кетиши ривожланиши мумкин.
Вирус қайд этилган ҳудудлар орасида Итури провинсияси маркази Буниа, шунингдек Монгвалу ва Рвампара шаҳарлари бор. Пойтахт Киншасада ҳам битта ҳолат тасдиқланган.
ЖССТ Эбола вируси қўшни Уганда ҳудудида ҳам тарқалганини маълум қилди. Уганда расмийлари 59 ёшли эркакда вирус аниқлангани ва у вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум Конго фуқароси бўлган ва унинг жасади ватанига қайтарилган.
Конго Демократик Республикасида камида олти нафар АҚШ фуқароси Эбола гумони билан кузатувга олинган. Улардан бирида аломатлар кузатилган, бироқ вирус тасдиқланмаган.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази Конго Демократик Республикаси ва Угандага қўшимча мутахассислар юборишни режалаштираётганини маълум қилди. АҚШнинг Конгодаги элчихонаси эса, фуқароларни Итури провинциясига сафар қилмасликка чақирди.
ЖССТ маълумотларига кўра, Эбола касаллигида ўлим даражаси ўртача 50 фоизни ташкил қилади. Сўнгги 50 йил ичида Африка мамлакатларида вирус оқибатида 15 мингга яқин одам вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасининг шарқидаги Итури провинциясида Эбола вируси тарқалиши оқибатида 65 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси