Душанбе айбни тўлиқ Қирғизистонга юклади
Олам
−
14 Апрель 2022
7448Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Қирғизистон ташқи идораси раҳбари Руслан Қозоқбоев билан телефон орқали мулоқотда қирғиз чегарачиларининг ҳаракатларини қоралаб, 12 апрель куни икки давлат чегарасида содир бўлган воқеа юзасидан текширув ўтказишни талаб қилди. Бу ҳақда бугун, 14 апрель куни Тожикистон дипломатик миссиясининг ахборот ва матбуот департаменти хабар берди.
“Қирғизистон чегарачиларининг ҳаракатларини қоралаган Сирожиддин Муҳриддин воқеани холисона ўрганиш ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, суҳбат кеча, 13 апрель куни бўлиб ўтган.
ТИВ ҳам ҳодиса натижасида “жабрланувчи борлигини” тасдиқлаган.
Тожикистон дипломатик департаментининг қўшимча қилишича, Муҳриддин ва Қозоқбоев тожик-қирғиз ҳамкорлигининг долзарб масалалари ҳамда МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши ҳамда 13 май куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари йиғилишига тайёргарлик кўришни муҳокама қилган.
“Вазирлар доимий мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар”, дейилади хабарда.
Икки давлат чегарачилари ўртасидаги можаро 12 апрель куни бошланган. 13 апрель куни томонлар қарама-қаршилик зонасидан қўшимча куч ва техникани олиб чиқишга келишиб олди. Бишкек маълумотларига кўра, қирғиз томондан олти киши яраланган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 14 апрель куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров халққа мурожаат қилиб, ўз президентлик муддатининг охирига қадар чегара билан боғлиқ барма муаммоларни ҳал этишга ваъда берди.
Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият
Қирғиз-тожик чегарасидаги навбатдаги кескинлашув январь ойининг охиридан бери давом этмоқда: ўшанда чегарачилар ўртасидаги отишмада тожикистонлик икки ҳарбий ҳалок бўлган, олти нафар ҳарбий яраланган, Қирғизистонда эса саккиз нафар ҳарбий яраланган.
Шундан сўнг Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари чегарада ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ҳамда аввалроқ можаро жойига жалб қилинган қўшимча куч ва воситаларни олиб чиқишга келишиб олди. Шунга қарамай, чегарада вақти-вақти билан отишмалар давом этмоқда.
Сўнгги йилларда Тожикистон-Қирғизистон чегарасида қурол ишлатиш билан боғлиқ келишмовчиликлар бир неча бор содир бўлган. Охирги марта йирик тўқнашувлар ўтган йилнинг апрель ойи охирида юз берганди. Можарога сабаб баҳсли ҳудуд – “Головной” сув тақсимлаш пункти ёнига камералар ўрнатилгани бўлган. Натижада ҳар икки давлат ҳарбийлари аралашган.
Қирғизистоннинг 180 дан ортиқ фуқароси тўқнашувлар давомида жабр кўрган, деб хабар қилди республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 34 киши вафот этган. Тожикистон можаро қурбонлари ҳақида расмий маълумот бермади.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 км. Чегаранинг 460 километри бўйича келишувлар мавжуд эмас, шунинг учун ҳар иккала давлат ҳам у ёки бу участкага ўз даъволарини эълон қилганда, вақти-вақти билан низолар келиб чиқади.