Дуров Telegram’ни видеоплатформага айлантирмоқчи
Бу қизиқ
−
01 Ноябрь
3406Telegram асосчиси Павел Дуров мессенжер видео платформага айланиши учун “биринчи қадам қўйилгани”ни маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.
Қайд этилишича, шу пайтгача Telegram’даги турли чат ва каналларда видеолавҳалар қандай форматда юкланган бўлса, худди шу кўринишда намойиш этиларди. Натижада фойдаланувчилар гигабайтлаб маълумотларни юклаб олишга ва видеолавҳанинг тўлиқ юкланишини кутишга мажбур бўларди. Мессенжер асосчиси ҳатто қисқа видеоларни кўришда ҳам муаммолар юзага келганини таъкидлади.
“Бугунги янгиланиш билан Telegram серверлари оммабоп видеоларни бир нечта сифат вариантларига қисқартиради ва уларни оқимли узатиш учун оптималлаштиради”, дейди Павел Дуров.
Унинг сўзларига кўра, мазкур янгилик туфайли мессенжер интернет тезлигига қараб автоматик равишда видеони юклашга мос келадиган сифатни танлайди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 8 октябрь куни Дуров Telegram’да янги функциялар пайдо бўлишини эълон қилди. Жумладан, постларни таҳрирлаш вақтини кўриш ва зарур ҳолларда дастлабки хабар юборилгандан сўнг медиафайлларни бириктириш имконияти ҳақида гап бормоқда. Октябрь ойининг ўрталарида Дуров телефон рақамларини текшириш имконини берадиган Gateway хизматини ишга туширганини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Telegram компанияси Ўзбекистонда ўзининг филиалини очиши мумкинлиги ҳақида маълум қилинганди. Компаниянинг LinkedIn платформасида Ўзбекистондаги офис директори лавозими учун вакансия эълон қилинган.
LiveБарчаси