Дуров 7 ойлик “тутқинлик”дан сўнг Дубайга қайтди
Олам
−
15 Март 6185 2 дақиқа
Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Францияни тарк этиб, Дубайга йўл олди. Бу ҳақда “Barron’s” хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 13 март куни Франция суди томонидан Дуровга мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат берилган. Суд қароpининг аниқ шартлари ошкор қилинмаган бўлса-да, Дуровнинг Дубайга кетиши юрисдикция, шахсий маълумотларнинг дахлсизлиги ва технологик компаниялар раҳбарларининг платформаларида ноқонуний фаолиятга қарши курашиш масъулияти ҳақидаги баҳсларни яна жонлантирган.
AFP агентлиги номаълум манбаларга таяниб, “У (Дуров) бугун эрталаб Францияни тарк этди” деб хабар берган. Бошқа бир манбага кўра, унга Францияни “бир неча ҳафтага” тарк этиш учун рухсат берилган.
Эслатиб ўтамиз, Павел Дуров ўтган йили 24 август куни кечқурун Париж аэропортида қўлга олинган. “Politico” нашрига кўра, Франция ҳукумати Дуровни ҳибсга олиш учун ордерни 2024 йил 25 мартда берган. Шу билан бирга, унинг акаси, Telegram асосчиси Николай Дуровни ҳибсга олиш учун ҳам ордер берилганди. Ҳибсга олиш учун ордерлар “вояга етмаганларнинг порнографик тасвирларини эгаллаш, тарқатиш ёки улардан фойдаланишни таклиф қилишда иштирок этганлик” учун чиқарилган.
26 август куни тушдан кейин Франция прокуратураси 12 та жиноят бўйича номаълум шахсларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида пресс-релиз эълон қилди. Улар орасида ваколатли органлар сўровига кўра маълумот беришдан бош тортиш, вояга етмаганларнинг порнографик тасвирларини сақлашга шериклик, гиёҳванд моддаларни тарқатишда иштирок этиш, хакерлик дастурларини тарқатишда иштирок этиш кабилар бор.
28 август куни Дуров Парижда ҳибсдан 5 миллион евро гаров эвазига озод қилинди. Унга Франциядан чиқиб кетиш тақиқланди ва ҳафтасига икки марта полицияга хабар бериб туриши шарти қўйилди.
Live
Барчаси