Дунцова ўйиндан чиқди. Суд ҳам унинг даъвосини рад этди

Олам

image

Бугун, 27 декабрь куни Россия Федерацияси Олий суди ржевлик журналист Екатерина Дунцованинг Россия Марказий сайлов комиссиясига қарши даъвосини рад этди. Бу ҳақда журналистнинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Жорий йилнинг 23 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси президентликка номзодини кўрсатган Дунцовага имзо тўплашга рухсат бермади ва буни ҳужжатларда аниқланган хатолар билан изоҳлади. Шундан сўнг Дунцова МСК устидан судга мурожаат қилди.

Марказий сайлов комиссиясининг рад жавобидан сўнг “Яблоко” партиясини унинг номзодини президентликка кўрсатишга чақирган Екатерина Дунцова суднинг жавобини эшитгач, сайловда бошқа бир кандидат – Борис Надеждинни қўллашини билдирди. 

“Сайлов бюллетенида тинч кун тартибига эга камида битта номзод бўлишини таъминлаш учун биз Борис Надеждинга 100 000 имзо тўсиғидан ўтишга ёрдам бера оламиз”, дейди Дунцова.

Маълумот учун, Россияда президентлик сайловлари 2024 йил 15-17 март кунлари бўлиб ўтади. Унда амалдаги Президент Владимир Путин "ўзини-ўзи кўрсатган" номзод сифатида қатнашмоқда. Россия Либерал-демократик партиясидан унинг раҳбари Леонид Слуцкий, Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан – Николай Харитонов, "Фуқаролик ташаббуси" партиясидан – Москва вилояти депутати Борис Надеждин, "Янги одамлар" – Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков олий ҳукумат лавозимига номзод сифатида кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, Екатерина Дунцова президентликка ўз номзодини эълон қилганида Украинада жанговар ҳаракатлар тўхтатилиши, демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши тарафдори эканини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Екатерина Дунцова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг