Дунёга “тушкунлик уруғини” сочган Уханда коронавирус музейи очилди

Олам

image

Ушбу ҳафта Хитойнинг Ухань шаҳри коронавирус сабабли карантинга олинганига роппа-роса бир йил тўлади. 2020 йил 23 январь куни Уханда қаттиқ карантин тартиби жорий этилган. 

Бугунги кунга келиб, Ухань аҳолиси кўчаларда бемалол ниқобсиз юриши мумкин. 

Маълумотларга кўра, шаҳарда пандемия устидан ғалаба белгиси сифатида музей ҳам очилган. 

Коронавирус музейи аввал COVID-19 касаллари даволанган шифохонада ташкил қилинган. 

Қайд этилишича, кўргазмада мамлакат шифокорлари ва кўнгиллилар касаллик авж олган пайтда кийиб юрган форма намойиш этилган. 

Кўргазмадаги фотосуратлар ва ҳужжатларда эса вирусга қарши кураш хроникаси тасвирланган. Шунингдек, кўргазмада алоҳида бўлим пандемияга қарши курашда ҳалок бўлганларга бағишланган.

"Ухань халқи кўп нарсаларни бошдан кечирди, улар ҳақиқатан ҳам ажойиб инсонлар. Улар шаҳарни изоляция қилиш пайтида ўзларининг эркинликларини қурбон қилишди. Хитойнинг пандемияга қарши курашига катта ҳисса қўшишди", деган кўргазма меҳмони Чен Дази. 

Таъкидланишича, шаҳар маъмурияти Уханга сайёҳларни жалб қилиш учун коронавирус мавзусидан фойдаланмоқчи. 

Уларга кўра, Ухань COVID-19 туғилган жой сифатида, бутун дунёга танилган.

Маълумот ўрнида, шаҳарда COVID-19 эпидемияси 2019 йилнинг декабрида бошланган эди. Шундан сўнг, Хитой расмийлари улкан мегополисда қатъий карантин жорий қилиб, одамларнинг ўз кварталидан ташқарига чиқишини ҳам тақиқлаганди.

Турли тахминларга кўра, коронавирус Ухань шаҳридаги денгиз маҳсулотлари бозорида пайдо бўлган. Аммо бу масалада мутахассислар якуний хулосага кела олмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус Ухань

Баҳолаганлар

81

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг