Дунёдаги энг бой аёл хонанда маълум бўлди
Маданият-санъат
−
08 Октябрь
51745Америкалик 34 ёшли хонанда Тейлор Свифт дунёдаги энг бадавлат аёл қўшиқчилар рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда “Forbes” хабар берди.
Қайд этилишича, Свифтнинг бойлиги 1,6 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ушбу суммадан тахминан 600 миллиони концертлар ва гонорарлардан келган, худди шунча миқдор мусиқий альбомлардан тушган даромадларга тўғри келади.
125 миллион доллар маблағ қўшиқчининг кўчмас мулкларга киритган сармоясига тегишли. Шунингдек, юлдузнинг капитали дунё бўйлаб гастроль сафарлари, стриминг платформаларидан тушган рекорд даражадаги даромадлари ҳамда сотилган дискларидан келган фойда орқали кўтарилиб бормоқда.
Тейлор Свифт 1,4 миллиард доллар бойликка эга бўлган машҳур хонандалардан бири – Рианнани ортда қолдирди.
Нашрга кўра, Тейлор Свифт жорий йилнинг апрель ойида бутунжаҳон миллиардерлар сафига киритилди. У ўтган йилда бешта қитъа бўйлаб “The Eras Tour” гастроль сафарларида бўлди ва миллиардерлар рейтингига фақатгина қўшиқлари ва концерт дастурлари асосида кирган биринчи хонандага айланди.
Маълумот учун, Свифт даромади 2,5 миллиард долларга етган дунёдаги барча мусиқачилар орасида иккинчи ўринда. У 14 карра Grammy мукофоти совриндори бўлиб, улардан тўрттаси “Йилнинг энг яхши альбоми” номинацияси учун берилган. “Rolling Stone” ва “Billboard” маълумотларига кўра, Тейлор Свифтнинг қўшиқлари барча даврларнинг энг яхши қўшиқлари ва альбомлари рўйхатига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ теракт таҳдиди туфайли Тейлор Свифтнинг Венада бўлиб ўтадиган учта концерти ҳам бекор қилинганди.