Дунёда наркоманлар сони ортиб бормоқда – БМТ
Бу қизиқ
−
13:40 1115 3 дақиқа
Дунёда гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилувчилар сони ўсиб бормоқда. Бу ҳақда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNP) янги ҳисоботида сўз юритилади.
Статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда 331 миллион киши гиёҳванд моддалар истеъмол қилган, бу 15 ёшдан 64 ёшгача бўлган дунё аҳолисининг 6,2 фоизини ташкил этади. Таққослаш учун: 2014 йилда бу кўрсаткич 5,2 фоиз бўлган.
Каннабис энг кенг тарқалган гиёҳвандлик моддаси бўлиб қолмоқда: 2024 йилда уни истеъмол қилувчилар сони 256 миллион кишини ташкил этган. Ундан кейинги ўринларни опиоидлар (63 миллион), амфетаминлар (32 миллион), кокаин (25 миллион) ва экстази (21 миллион) эгаллаган.
Бошқарма бозорда гиёҳванд моддаларнинг янги турлари пайдо бўлиши мисли кўрилмаган даражада шиддатли тус олганини ва энг ташвишлиси уларнинг баъзилари илгаригидан ҳам кучлироқ таъсирга эга ҳамда хавфлироқ бўлиб қолганини қайд этмоқда.
Бу аянчли оқибатларга, жумладан, миллионлаб одамларнинг бевақт вафот этишига ва ҳаёт йилларининг беҳуда бой берилишига олиб келмоқда. Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва истеъмоли иқтисодий жараёнларни издан чиқаради, вазиятни беқарорлаштиради ва зўравонликнинг авж олишига замин яратади.
Маърузага кўра, тақиқланган моддаларни ишлаб чиқарувчилар қонуний тартибга солиш тизимларини айланиб ўтиш ва ҳуқуқ-тартибот идораларини алдаш мақсадида борган сари янги синтетик гиёҳвандлик воситаларини ўйлаб топмоқда. 2024 йилда 2000 йилгача бўлган даврга нисбатан беш баравар кўп турдаги гиёҳвандлик моддалари мусодара қилинган. Масалан, қора бозорда айланаётган янги психоактив моддалар сони 2024 йилда 755 тага етган, улардан 118 таси биринчи марта рўйхатга олинган.
“Фентанил, нитазен ва орфин каби янги синтетик опиоидларнинг тобора оммалашиб бораётгани наркодилерлар героинга муқобил вариант қидираётганидан далолат беради. Ўсимлик асосидаги опиатлардан воз кечиб, синтетик моддаларга ўтилиши дунё опиоид бозорида доимий ўзгаришларга олиб келиши мумкин, бу эса ушбу моддаларни истеъмол қилиш характерини ва ундан келиб чиқадиган зарарлар кўламини ўзгартиради”, дейди мутахассислар.
Уларнинг сўзларига кўра, гиёҳвандликка чалинган шахслар ҳам жиноят қурбонига айланиши, ҳам ўзлари жиноят содир этиши мумкин. Бироқ бунга гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш шароити ва инсонларнинг шахсий ҳаёти (жумладан, камбағаллик, уйсизлик, руҳий саломатликдаги муаммолар), шунингдек, жамиятдаги вазият, масалан, гиёҳвандликни даволаш имкониятлари ва ижтимоий хизматларнинг мавжуд эмаслиги каби омиллар таъсир кўрсатади. Ушбу омиллар вазиятга аралашиш ва профилактика чораларини кўришда бошланғич нуқта сифатида қаралиши керак.
Маълумот учун, ҳар йили 26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш ва унинг ноқонуний айланишига қарши курашиш куни сифатида нишонланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австралия Федерал полицияси (АФП) Сидней ғарбидаги Лондердерри ҳудудидан 2,7 тонна кокаин мусодара қилганди. Бу мамлакат тарихида аниқланган энг йирик кокаин партияси ҳисобланади.
Live
Барчаси