Австралияда рекорд миқдорда кокаин мусодара қилинди

Олам

image

Австралия Федерал полицияси (АФП) Сидней ғарбидаги Лондердерри ҳудудидан 2,7 тонна кокаин мусодара қилди. Бу мамлакат тарихида аниқланган энг йирик кокаин партияси ҳисобланади. Бу ҳақда полиция идораси хабар берди.

Қайд этилишича, наркотиклар учта юк контейнерининг сохта поли остидаги яширин жойлардан, пластик идишлар ичидан топилган. Полициянинг баҳолашича, ушбу партиянинг қора бозордаги қиймати тахминан 816 миллион долларни ташкил этиши мумкин, унинг ҳажми эса тақрибан 3 миллион бир марталик дозага тенг.

Мазкур иш бўйича 21 ва 25 ёшли икки эркак қўлга олинган. Уларга ноқонуний равишда олиб кирилган гиёҳвандлик воситасининг тижорат партиясини сақлаш айблови қўйилган. Ушбу модда бўйича максимал жазо умрбод озодликдан маҳрум қилишдир. Ҳар икки ҳибсга олинган шахс қамоқда қолмоқда, навбатдаги суд мажлиси жорий йилнинг 13 август куни Пенрит судида бўлиб ўтади.

Ушбу мусодара операцияси Австралиянинг шарқий қирғоқларида йирик миқдордаги наркотикларни олиб кириш ва тарқатишга бўлган уринишларни ўрганиш бўйича олиб борилаётган “Operation Minjiang” тергови доирасида амалга оширилган. Полиция талқинига кўра, кокаин мамлакатга Шимолий Квинсленддаги Мидж Пойнт ҳудуди орқали олиб кирилган ва кейин уюшган жиноий гуруҳ кўрсатмаси билан Сиднейга ташилган.

“Operation Minjiang” доирасида полиция жами 3 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситаларини, жумладан, бундан аввал топилган 178 кг кокаин ва 142 кг метамфетаминни мусодара қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испанияда рекорд миқдордаги – 35-40 тонна атрофида кокаин мусодара қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг