Дунёда 733 млн киши очликдан қийналмоқда
Олам
−
11 Октябрь
1750Бугунки кунда дунё бўйлаб ҳали ҳамон очликдан азият чекаётганлар сони 733 миллион кишини ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Германиянинг World Hunger Relief (Welthungerhilfe) хайрия ташкилоти томонидан кеча, 10 октябрь куни Берлинда тақдим этилган йиллик World Hunger Index ҳисоботида келтирилган.
Очликдан азият чекаётганларнинг аксарияти Саҳрои Кабирда, шунингдек, Жанубий Африка ва Жанубий Осиёда қайд этилган. Ҳисоботга кўра, бугунги кунда Ер юзида 2,8 миллиард одам соғлом, тўйимли озиқ-овқат истеъмол қила олмайди. 36 та давлатда тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ вазият “жиддий”, олтитасида эса “ўта жиддий” деб таърифланган. Ҳужжат муаллифларининг қайд этишича, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришга қуролли можаролар, масалан, Судандаги фуқаролар уруши, шунингдек, глобал иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари тўсқинлик қилмоқда.
Welthungerhilfe ҳисоботида таъкидланишича, аёллар эркакларга қараганда тўйиб овқатланмасликдан кўпроқ азият чекади.
“Дискриминацион меъёрлар ва зўравонлик уларнинг ресурсларга киришини ҳамда инқирозларга дош бериш қобилиятини чеклайди. Уларнинг имкониятларини яхшилаш очликка қарши курашдаги боши берк кўчадан чиқиш учун муҳим дастак бўлиши мумкин”, дейди немис экспертлари.
Welthungerhilfe раҳбари Марлен Тиме жаҳон ҳамжамиятини очлик муаммоларини ечишга етарлича эътибор қаратмаётганликда айблади. Хайрия ташкилоти маълумотларига кўра, 2022 йилда дунёда 800 миллиондан ортиқ инсон очликдан қийналган.
Марлен Тиме 2023 йилда Германия федерал бюджетдан ривожланиш ва гуманитар ёрдам учун ажратиладиган маблағларнинг режалаштирилган қисқартирилишини танқид қилди. Welthungerhilfe раҳбарининг сўзларига кўра, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Agenda 2030” дастури ва БМТнинг 17 та барқарор ривожланиш мақсади узоқ муддатли истиқболда очарчиликни енгиш учун яхши стратегиядир, аммо уни амалга ошириш сиёсий ирода ва бирдамликни талаб қилади.
Ташкилот 2022 йилда дунё бўйлаб 603 та лойиҳа орқали 37 мамлакатда 18,8 миллион кишини қўллаб-қувватлаган. Ҳисоботга кўра, Welthungerhilfe ихтиёрида 341,2 миллион евро, шу жумладан 97,6 миллион евро хайрия бўлган. Бундан ташқари, Германия ҳукумати ва Европа Иттифоқидан грантлар ажратилган.
Ўша йилнинг баҳорида Welthungerhilfe Украинада кенг кўламли уруш бошланиши бутун дунё бўйлаб очлик билан боғлиқ вазиятни ёмонлаштириши мумкинлигидан хавотир билдирганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида гуманитар инқироз кун сайин чуқурлашиб бораётган блокададаги Ғазо секторида тўйиб овқатланмаслик ва ташналикдан ҳалок бўлганлар сони 23 кишига етгани хабар қилинганди. БМТ маълумотларига кўра, ўша пайтда эксклавдаги 378 минг киши 5-даражали очликка дуч келган, бу озиқ-овқат хавфсизлигининг Интеграциялашган фаза таснифи (IPC) шкаласи бўйича “ҳалокатли” ҳисобланади. Ҳозирги вазият эса бунданда ёмон бўлиши мумкин.
Мадина Салимова