Дунёда 258 миллионга яқин бола урушлар сабаб таълим олиш имкониятидан маҳрум – БМТ

World

image

Дунё бўйлаб мактаб ёшидаги 258 миллион нафар бола ва ўсмирнинг таълими қуролли можаролар ҳамда гуманитар инқирозлар оқибатида издан чиққан. Бу ҳақда инқироз шароитида таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ жамғармаси – “Education Cannot Wait” ҳисоботида маълум қилинди.

Қайд этилишича, уларнинг 93 миллион нафари умуман мактабга бориш имкониятига эга эмас.

Ҳисоботда таъкидланишича, можаролар ва гуманитар инқирозлар сабаб мактабга бормайдиган болаларнинг қарийб 80 фоизи аҳвол энг оғир бўлган атиги 20 та давлат ҳиссасига тўғри келади.

Муаллифлар муаммо фақат таълим олиш имкониятининг йўқлиги билан чекланмаслигини қайд этган. Инқирозлардан жабрланган кўплаб ҳудудларда болалар ўқиш, ёзиш ва ҳисоблаш каби асосий кўникмаларни ҳам эгаллай олмаяпти. Оқибатда бошланғич синфлардаёқ ўқув дастурини ўзлаштиришдаги қийинчиликлар ўсмирларнинг таълимни бутунлай тарк этишига олиб келмоқда.

Энг катта таълим йўқотишлари қуролли можаролар қамраб олган давлатларда кузатилмоқда. Бундай мамлакатларда олтинчи синфга келиб болаларнинг атиги 30 фоизи зарур ўқиш кўникмаси даражасига етади.

Ижтимоий-иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган давлатларда бу кўрсаткич 47 фоизни ташкил этса, табиий офатлардан жабрланган мамлакатларда 63 фоизга етади.

Ҳисоботда таълим инқирози тобора кенгайиб бораётгани, аммо унинг оқибатлари барча ҳудудларда бир хил эмаслиги қайд этилган. Болаларнинг таълим тизимидан четда қолиши кўп жиҳатдан уларнинг қаерда яшаши, мажбурий кўчирилган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ёки бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга мансублигига боғлиқ.

Мутахассислар фикрича, таълимга кириш имкониятини кенгайтиришнинг ўзи етарли эмас. Болаларнинг нафақат мактабга бориши, балки ўқув дастурини муваффақиятли ўзлаштириши, таълимни давом эттириши ва кейинги босқичларга ўта олиши учун зарур шароитлар яратилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунё бўйлаб мактаблар, университетлар ҳамда таълим ходимларига қарши уюштирилаётган ҳужумлар сони кескин ошиб бораётгани ҳақида хабар берилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends