Дунё океанида тарихдаги энг юқори ҳарорат қайд этилди
Бу қизиқ
−
21:04 510 1 дақиқа
Олимлар дунё океанида кузатувлар тарихидаги энг юқори ҳароратни қайд этди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
1979 йилдан бери ушбу кўрсаткични кузатиб келаётган Ер юзини узлуксиз кузатиш бўйича Европанинг “Copernicus” дастури маълумотларига кўра, жорий йилнинг 22 август куни океан юзасидаги сувнинг ўртача глобал ҳарорати 21,1 даражага етган. Аввалги рекорд – 21,09 даража 2024 йилнинг март ойида қайд этилган.
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бундай оқибатга Эль-Ниньо ҳодисаси ва “ўн йиллаб давом этган инсон омили таъсиридаги исиш”нинг бирлашиши олиб келган. “Copernicus” вакиллари август ойида рекорд ҳароратга эришилиши алоҳида хавотир уйғотаётганини таъкидламоқда, чунки одатда энг юқори глобал ҳарорат Жанубий яримшардаги март ва апрель ойларида кузатилар эди.
Океан ҳароратининг кўтарилиши денгиз сатҳининг ошишига ёрдам беради ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари эҳтимолини оширади, чунки илиқроқ сув атмосферага кўпроқ иссиқлик ва намлик узатиб, қуруқликдаги бўронлар ва аномал иссиқни кучайтиради. Бундан ташқари, илиқроқ океанлар карбонат ангидрид газини ёмонроқ ютади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тинч океанида шаклланаётган Эль-Ниньо ҳодисаси сўнгги бир асрдаги энг кучли жараёнга айланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси