Дунё бойларнинг қўлидами? Абрамович Россия-Украина музокарасида қандай роль ўйнаяпти?

Таҳлил

image

Бугун дунё эътибори Истанбулда ўтаётган Россия-Украина музокараларига қаратилган бир вақтда россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг икки давлат делегациялари учрашган Долмабаҳче саройида бўй кўрсатиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бунга бир кун аввал Абрамович жорий йил март ойи бошида ҳам Украина-Россия музокараларида қатнашиб, заҳарлангани ҳақидаги хабарлар ҳам туртки берди, албатта.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари россиялик миллиардерларга “олигарх” деган тамға босиб, уларнинг оёқ-қўлини санкция билан бандлаган бир вақтда давлатлар даражасидаги музокараларда Роман Абрамович нима қиляпти? Унинг Украинага ёки урушга қандай алоқаси бор? Бугун халқаро ОАВда ҳам бу саволлар тез-тез такрорланмоқда. Шу сабабдан тадбиркор Роман Абрамовичнинг ўтмишига назар солишга қарор қилдик.

Роман Абрамович ким?

Ота томондан яҳудийларга, она томондан эса украинларга бориб тақаладиган Роман Аркадьевич Абрамович 1966 йил 24 октябрда Россиянинг Саратов шаҳрида туғилган. Роман кичиклигида етим қолган. Онаси Ирина Абрамович (Михайленко) у 1 ёшлигида, отаси Аарон Абрамович Лейбович эса 3 ёшлигида вафот этган. Роман ота томондан қариндошлари, амакилари, қўлида ўсган.

Мактабни Москвада тамоалаган Роман Ухта саноат институти ва Москва нефть ва газ институтида ўқиган. 2001 йилда Москва юридик академиясида олий маълумот дипломини олган.

Суратларда Абрамович камтарин ва оддий одамга ўхшайди, аммо камтар ва сокин одамлар ҳаётда бошни гангитадиган парвозларга қодир эмасдек кўринади. Аммо Абрамович бунинг аксини исботлади. Унинг кўринганидан анча уддабуронлигини ўтмишидаги бир воқеа ҳам исботлайди.

Абрамович ва унинг ҳамкасблари армияда хизмат қилаётганда “дембел”дан топшириқ олган. Аскарлар зич ўрмонда узун йўлак очишлари керак эди. Ва бу топшириқ хизмат тугаши арафасида берилган. Иш оғир ва узоқ вақт талаб қилиши мумкин эди. Абрамович нима қилди? У “участка”ни шериклари билан тенг бўлакларга бўлиб, қўшни қишлоққа бориб, ўрмонни ўтин учун сотиб юборди. Айтишларича, икки кундан сўнг майдон дарахтлардан тозаланган ва Роман Аркадьевич уйига равона бўлган.

Бугунги кунда Россиянинг энг бадавлат кишилари қаторидан жой олиб келаётган Абрамовичнинг бойлиги 12 млрд АҚШ долларига баҳоланади.

“Суронли 90-йиллар”да юлдузи порлаган Роман

Эҳтимол, сотилган дарахт билан боғлиқ шонли эпизод Абрамовичнинг ҳаётида ягона бўлиб қолар эди. Бироқ СССР сўнгги кунларини яшаётган ўша вазият аксинча бўлишига имкон яратди. Абрамович ўз меҳнат фаолиятини 1987 йилда “Мосспецмонтаж” трестида бошлаган ва у ерга оддийгина механик бўлиб ишга кирган.

1980-йилларнинг охирида Роман Аркадьевич миллиардер бўлишни ўйламаган бўлса ҳам керак Аммо орадан саноқли йиллар ўтиб, 90-йиллар келди ва улар билан бирга Абрамовичнинг тақдири ҳам кескин ўзгарди. СССР парчаланган, мол-мулкларни бўлиш бошланганди. Сув лойқа эди... Темирни қизиғида босиш қолганди, холос.

1990-йилларнинг бошларида Абрамович ўзини кичик бизнесда синаб кўра бошлади. У танишлари йўқлиги сабабли юқори доираларга таклиф киритилмади. Ўша йилларда ёш тадбиркор ўнлаб фирмаларни ташкил қилган ва аста-секин кичик бизнесдан нефть савдосига ўтган. Шу вақтга келиб, Абрамович Жон Пиерпонт Морган (америкалик тадбиркор, банкир ва молиячи, Морганлар сулоласининг асосчиси) ёки шунга ўхшаш бирор "афсона"дагидек карьера орзу қила бошлайди. Бир куни Абрамович Борис Березовский билан учрашади ва шу пайтдан бошлаб унинг ҳаёти эртакга айланди. Абрамович ўша вақтдаги Россия Федерацияси Президенти Борис Ельцин билан яқинлаша бошлади.

Чапдаги Борис Березовский

Борис Ельциннинг қизи Татьяна Дьяченко Абрамовични ақлли, истеъдодли ёрқин шунингдек, батартиб ва содиқ одам деб таърифлаган. Ўша пайтда Ельциннинг атрофида ақлли ва истеъдодли одамлар етарлича топилгандир, аммо “батартиб ва содиқ” одамлар ноёб тур ҳисобланган. Бир сўз билан айтганда, Абрамович ўзининг индивидуал инсоний ва ишбилармонлик фазилатлари билан керакли вақтда керакли жойда ҳозир бўлганди.

1995 йилда атиги 28 ёшда бўлган Роман Аркадьевич Березовскийнинг акциялари воситасида “Сибнефть” компаниясининг назорат пакетини сотиб олди. Яқин вақтгача у СССР Нефть ва газ саноати вазирлиги негизида ташкил этилган давлат корхонаси эди. Аммо Ельцин уни хусусийлаштиришни буюрганидан ва аслида уни “оила”га яқин бўлган икки тадбиркорга берганидан сўнг, “Сибнефть” эркин бойиш манбаи ва ҳокимиятнинг сиёсий манёврлари учун улкан ресурсга айланди.

Оилавий кассир

1990-йилларнинг иккинчи ярмида Абрамович Ельцинга яқин доираларнинг ғазнаси мақомини олади. Ҳар ҳолда, Президент хавфсизлик хизмати раҳбари генерал Александр Коржаков уни шундай эслайди.

Миш-мишларга кўра, Абрамович Ельциннинг қизи Татьяна Дьяченко ва унинг бўлажак эри, Ельцин маъмурияти раҳбари Валентин Юмашевнинг харажатларини сахийлик билан тўлаган. У Борис Ельциннинг 1996 йилги сайлов кампаниясини яширинча молиялаштиргач, Кремлда Абрамовичга нисбатан ишонч кескин ошган.

Доллар миллиардери

Аср охирига келиб, Россияда ҳокимият ўзгарди. Ельцин ўрнини ёш Путинга бўшатди. Абрамовичнинг Ельцин билан ҳеч қандай муаммоси йўқ эди. Унинг ёрдами туфайли 1990-йилларнинг охирида у 1,4 миллиард долларлик бойликка эга чиқди. Борис Ельцин муносиб дам олиш учун сиёсий саҳнани тарк этганида, у билан ҳамфикр олигархлар ўзини турлича тутди. Баъзилар янги Президент ва унинг сиёсий амбицияларига қарши дона сура бошлади. Улар орасида энг фаоли Михаил Ходорковский эди. Унинг Путин билан қарама-қаршилиги қандай тугаганини ҳамма билади.

Ўнгдаги Михаил Ходорковский

Ходорковскийнинг мағлубиятини ҳар томондан баҳолаган Абрамович “тўғри” хулосалар чиқарди. “Forbes” манбасига кўра, у бир марта шундай деган: 

“Ходорковский “ўзининг очиқ бизнеси борлигини кўрсатди... Мен бу сабоқни яхши тушундим: ўз бизнесинг ҳақида очиқ гапириш яхшиликка олиб келмайди ва фақат муаммоларни келтириб чиқаради. Менинг қоидам: “бошингни қумга тиқиб, жим ўтир”.

Туяқуш тактикаси Абрамовичнинг сочига оқ оралатган бўлса-да, ўз самарасини берди. Путин даврида у барча “активлари”, жумладан “Аэрофлот”, “Россия алюминийи”, Красноярск ГЭСи, “РусПромАвто” ва қудуқларидан доллар оқиб тушган “Сибнефть”даги улушларини Кремлнинг янги хожаси кўрсатган "харидор"ларга сотди. 

2005 йил кузига келиб, Роман Аркадьевич Россиядаги бизнесдан бутунлай “озод қилинди”, аммо улар уни хафа қилишмади. Абрамович ишончли экани ва Ходорковскийдан ўрнак олмаслигини исботлаганди ва шу орқали обрўсини сақлаб қолди. Чўнтагида 13 миллиард доллар билан Роман Абрамович эмиграция ҳақида ўйлай бошлади. бу ўйлар узоққа чўзилмади. Путин уни сиёсий фаолиятга тортди.

Чукотка бошлиғи

Абрамович 1999 йилда сиёсат майдонига ҳам кириб келган ва қатор лавозимларни эгаллашга ҳам улгурганди. Хусусан, 1999 йилда у бир мандатли Чукотка сайлов округидан Россия Давлат думаси депутати этиб сайланди. Абрамович Думада ҳеч бир партия фракциясига кирмаган. 2000 йил февралдан Думанинг Шимол ва Узоқ Шарқ масалалари бўйича қўмитаси аъзоси бўлган.

2000 йилда Чукотка губернатори бўлгач, Думадан кетди. Путин 2008 йилгача Абрамовични ҳудуд раҳбари сифатида қолдирган. Владимир Владимирович у ва унинг пуллари орқали муҳим давлат вазифаларини ҳал қилган, Абрамович эса “йўқ дейишга тортинган”. Чукотка Россиянинг энг олис ҳудуди эканини ҳисобга олса, Абрамович йиллар давомида Путиннинг “асири” бўлган десак ҳам муболаға бўлмайди. Аммо у садоқат билан хизмат қилган ва маҳаллий аҳоли ҳам ўзининг миллиардер губернаторини ҳурмат қилган.

Фақат Медведев даврида Роман Абрамович истеъфога чиқиб, доимий яшаш учун Англияга жўнади ва узоқ йиллар бу ерда истиқомат қилди.

Бой одамларнинг ўз севимли машғулотлари бўлади. Баъзилар узумзорлар сотиб олади, бошқалари яхталар ва саройлар қуради, яна бир тоифа бойлар ҳашаматли квартиралар, антиқа буюмлар ва қимматбаҳо машиналарга сармоя киритади. Ҳар бир пулдорнинг ўзига хос “эрмаги” бор. Аммо юқоридаги барча ишларни бир вақтнинг ўзида ва чексиз миқдорда қиладиганлар ҳам топилади. Роман Абрамович шулардан бири. Агар кимдир унинг барча кўчар ва кўчмас мулкини рўйхатга олишни ўз зиммасига олса, унга бир кун ҳам етмаса керак. Унинг ҳатто инглиз футбол клуби (ҳозирча. Негаки миллиардер уни сотиш пайига тушган) ва яхтаси шунчалик узунки, у Сувайш каналини тўсиб қўйишда Ever Given контейнер кемасидан қолишмайди.

Абрамовичнинг Ғарб нишонига айланиши

Путин “асир”лигидан қутулиб, Европага “сурган” Абрамович бир неча йиллар давомида Россия ҳукуматига яқин одам сифатида кўрилмади. Ваҳоланки, Абрамович эмиграция қилганидан кейин Россиядаги активларини сақлаб қолган ва кўпайтирган бўлса-да, ўзининг овоза бўлган сармоя ва хайрия ишлари билан Европа ва Америкада “мустақил” тадбиркор сифатида шуҳрат қозонди. Шу сабабли, 2014 йилда (Россия Қримни аннексия қилганда) жорий этилган Ғарб санкцияларининг биринчи пакетлари унга тааллуқли бўлмади.

Афсуски, Абрамовичнинг “дахлсизлиги” узоққа чўзилмади. 2017 йилда АҚШнинг 45-Президенти Дональд Трамп Конгрессга “Америка душманларига қарши санкциялар тўғрисида”ги деб дабдабали номланган қонун лойиҳасини юборди. Ушбу ташаббус Америка разведкаси “Forbes”дан россиялик миллиардерлар рўйхатини шунчаки кўчириб олгани учун танқид қилинди. Асосийси қонунда Роман Абрамовичнинг номи ҳам пайдо бўлганди.

Бу вақтга келиб, у кўп йиллар давомида бахтли яшаган “Туманли Альбион” ҳукумати ўз мамлакатига сармоя киритган юқори мартабали руслар бойликларининг келиб чиқишини суриштира бошлади. Абрамович Буюк Британияни тарк этишга мажбур бўлди. Шундан сўнг у доимий яшаш учун Исроилга кетди. Кейинчалик у “Кремль клептократиясининг асосий иштирокчилари ва фойда олувчиларидан бири” сифатида “Навальний 35” рўйхатида биринчи ўринни эгаллади.

Россиянинг Украинага ҳужум бошлаши ортидан кўплаб рус миллиардерлари қаторида Абрамовичга ҳам санкциялар киритиш бошланди. Европа Иттифоқи, у кўп йиллар осуда ҳаёт кечирган Буюк Британия, Океания давлатлари (Австралия ва Янги Зеландия) Роман Аркадьевич номини “қора дафтар”га ёзди. Унинг бу давлатларга бориши тақиқланди, мулклари эса музлатилди.

Абрамовичнинг музокараларга тортилиши

Уруш сабаб тадбиркор атрофидаги вазиятнинг салбий томонга ўзгариши тезлашди. Хотиржамлик ва ўзига нисбатан ҳурматга ўрганиб қолган миллиардерга бу унчалик ёқмасди. Абрамовичнинг Россия ва Украина ўртасига тушишини ўзининг тинч ҳаётини қайтаришга бўлган уриниш билан изоҳлаш тўғридек.

Исроилнинг “Jerusalem Post” газетаси хабар беришича, тадбиркор музокараларда ёрдам бериш учун Беларусга борган. ОАВдаги маълумотларга кўра, Украина томони Абрамович ва Путин муносабатлари ота-ўғилдек экани ҳақидаги эски миш-мишларни ҳисобга олиб, миллиардердан ёрдам сўраган.

Аҳамиятли жиҳати, уни айнан миллий келиб чиқиши сабаб музокараларга жалб қилишди. Роман Абрамович Россия ва бутун дунёдаги турли яҳудий ташкилотлари эҳтиёжлари учун ярим миллиарддан ортиқ маблағ хайрия қилгани билан машҳур. Шу сабабли, Украина яҳудий жамоаси унга мурожаат қилди, хусусан, таниқли продюсер Александр Роднянский ундан бевосита ёрдам сўради.

Роднянскийнинг ўзи Украина Президенти вакилларининг илтимосига кўра Абрамовични бу ишга жалб қилган. Яъни Зеленскийнинг ўзи шуни хоҳлаган. Шу сабабли, жуда қизиқарли занжир юзага келган. Бир яҳудий иккинчисидан учинчи бир яҳудий украинлар ва руслар ўртасида музокаралар ташкил қилишни сўради.

Абрамовичнинг Туркиядаги музокараларда кўриниши борасида турли фикрлар янграмоқда.

Туркия Президенти вакили Иброҳим Калинга кўра, миллиардер шахсан Владимир Путин томонидан тайинланган музокарачи сифатида Истанбулга борган.

“Абрамович Туркияга музокарачилар гуруҳи таркибида келди. Ваҳоланки жумлани тузатишга рухсат берсангиз. У [Россия Президенти Владимир] Путин томонидан музокарачи сифатида тайинланган шахс сифатида келди”, деган Калин.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Роман Абрамович Истанбулдаги музокараларда Россия делегациясининг расмий аъзоси ўлароқ қатнашмаяпти. Лекин у Москва ва Киев ўртасидаги алоқаларни таъминлашда иштирок этади.

“Роман Абрамович Россия ва Украина томонлари ўртасида муайян алоқаларни таъминлашда иштирок этади. У делегациянинг расмий аъзоси эмас, биласизки, бизнинг делегацияга Президент ёрдамчиси [Владимир] Мединский бошчилик қилади”, деган Кремль матбуот котиби.

Абрамовични музокараларга жалб қилиш қарори қайси тараф томонидан қабул қилингани ҳақидаги саволга жавобан Песков шундай изоҳ берди: “Абрамович масаласида маъқуллаш ҳар икки томондан”.

Британиянинг “Daily Мail” нашри эса Абрамович Россия-Украина музокараларида “тинчликпарвар” ролини ўйнашга ва шу орқали у хира тортган обрўсини сақлаб қолишга уринаётганини ёзган.

“The Wall Street Journal” нашри эса шахсан Украина Президенти Владимир Зеленский Абрамович музокараларда фойда бериши мумкинлигини айтиб, АҚШ Президенти Жо Байденни унга санкция киритмасликка кўндирганини ёзиб чиқди.

Нашрнинг ёзишича, март ойи бошида АҚШ Молия вазирлиги ходимлари Абрамовичга қарши санкциялар тайёрлаган, бироқ ЕИ ва Буюк Британия билан параллел равишда чора-тадбирлар эълон қилиш вақти келганида, Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик кенгаши Ғазначиликдан бу чора-тадбирлардан воз кечишни сўраган.

Бунга Украина Президенти Владимир Зеленский телефон суҳбатида Президент Байденга тинчлик музокараларида Россия бўйича муҳим воситачи бўла оладиган олигархга нисбатан санкциялар қўллашга шошмай туришни маслаҳат бергани сабаб бўлган.

Барча ишоралар Абрамович музокараларда фойдали бўлишини кўрсатмоқда. У ҳақиқатан ҳам Путинга таъсир ўтказиб, музокараларнинг бориши ва якунда уруш тўхтатилишига ёрдам берадими бунисини вақт кўрсатади.


Мақола муаллифи

Теглар

Роман Абрамович

Баҳолаганлар

429

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг