Британия Абрамовични судга бермоқда

Спорт

image

Буюк Британия ҳукумати россиялик олигарх Роман Абрамовичга уч йилдан ортиқ вақт олдин музлатиб қўйилган “Челси” клубини сотишдан тушган 2,5 миллиард фунт стерлинг маблағни қайтариш учун сўнгги имкониятни берди ва миллиардер маблағларни 90 кун ичида қайтариб бермаса, судга мурожаат қилишини билдирди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар беради.

Жорий йилнинг июнь ойида вазирлар Абрамович билан 2022 йил май ойидаги савдо маблағларининг сарфланиши борасида келиша олмаган. Буюк Британия ҳукумати маблағлар Украинадаги гуманитар мақсадларга йўналтирилишини хоҳлайди, Абрамович эса улардан Россиядаги можаронинг барча қурбонлари учун фойдаланилишини таъкидламоқда.

Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер Абрамовични маблағларни беришга чақирди, акс ҳолда, судга мурожаат қилиниши мумкин.

“Абрамовичга хабарим шуки, вақт тугаб бормоқда. Ваъдангизни бажаринг ва ҳозир тўланг. Агар тўламасангиз, биз ҳар бир тийин ҳаёти барбод бўлганларга етиб боришини таъминлаш учун қонуний чоралар кўришга тайёрмиз”, деди Стармер.

Санкциялар туфайли Абрамович 2022 йилда “Челси”ни сотишга мажбур бўлди. Савдо маблағлари музлатилган ва ҳозирда Абрамович бошқарадиган Fordstam компанияси банк ҳисобларида сақланмоқда.

Маълумот учун, 59 ёшли россиялик миллиардер клубни 2003 йилда сотиб олган ва 2021 йилда унинг бойлиги 14,5 миллиард долларга баҳоланган эди. “Челси” Абрамович раҳбарлигида иккита Чемпионлар Лигаси, бешта Премьер-лига, бешта Англия Кубоги, иккита Европа Лигаси ва битта Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиблигини қўлга киритган.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Роман Абрамович “Челси”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг