ДСҚ йилнинг 1-чораги бўйича солиқ ислоҳотлари ҳақида маълумот берди

Жамият

image

Жорий йилнинг 4 апрель куни Давлат солиқ қўмитасида Ўзбекистон Республикаси президенти раислигида Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан ўтказилган видеоселекторда берилган топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлаш, 1-чорак якунларининг сарҳисоби ва 2-чоракда солиқ органларининг олдида турган долзарб вазифаларга бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтган эди.

Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати хабарига кўра, асосий эътибор, солиқ органлари ходимларининг малакасини ошириш, соҳага янгича фикрлайдиган, малакали ва ёш кадрларни танлаш ишларининг натижадорлигига қаратилди.

Таъкидланишича, солиқ органлари сафини алмаштириб борилаётганлиги қайд этилиб, жумладан, жорий йилнинг ўтган даври давомида Ўзбекистон Республикаси президенти ва Давлат солиқ қўмитаси номенклатурасига кирувчи 70 та ҳамда 55 та туман ва шаҳар давлат солиқ инспекцияларига янги раҳбарлар ҳамда бошқарма бўлим бошлиғи лавозимларига тайинловлар амалга оширилди.

Давлат солиқ қўмитасига Тошкент шаҳрининг туман давлат солиқ инспекциялари бошлиқлари ва инспекторлик лавозимларига истиқболли кадрларни ишга қабул қилиш бўйича сайтда жойлаштирилган эълонга асосан ўтган қисқа муддат ичида инспекторлик лавозимларига 109 нафар, давлат солиқ инспекциялари бошлиғи лавозимларига 22 нафар номзоддан резюмелар келиб тушган.

Давлат даромадларининг барқарорлигини таъминлаш ва қўшимча захираларни жалб этилиши таҳлил қилиниб, иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар ва солиқ ислоҳотларининг амалга оширилиши натижасида давлат бюджетига 1-чоракда 18,4 трлн. сўм миқдорида маблағлар туширилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 170 фоизга ва 2018 йил 4-чорагига нисбатан 113 фоиз ўсганлиги қайд этилди.

Солиқ ислоҳотлари доирасида солиқ юкининг кескин камайтирилганлиги тадбиркорлик субъектларига иш ҳақи фондини ошириш имкониятини берган.

Жумладан, 152,7 мингта хўжалик субъектлари 1 ойлик иш ҳақи фондини 1,4 трлн. сўмдан 2,0 трлн. сўмга етказган ёки 606 млрд. сўмга оширган.

Шу билан бирга, 106 мингта корхоналар иш ҳақи фондини кенгайтирган ҳолда, ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақини 1 154 минг сўмдан 1 512 минг сўмга ёки 31 фоиз оширган.

Йиғилишда шунингдек, янги солиқ ислоҳотларининг бориши, иш ҳақи фонди ва яширин иш ўринларини легаллаштириш ҳамда “Солиқ-сервис” ДУК ҳудудий марказлари фаолияти танқидий муҳокама этилиб, масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланган.

Солиққа тортиладиган базани кенгайтириш ва солиқ тўловчиларнинг сонини ошириш, солиқларни ихтиёрий тўлашга ундаш бўйича амалга оширилаётган ишлар етарли даражада эмаслиги аниқ соҳалар бўйича ҳудудлар кесимида кўрсатиб берилган.

Йиғилишда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш механизмларини такомиллаштириш, янги солиқ тўлови режимига ўтган субъектларнинг мажбуриятини бажаришда уларга амалий ёрдам кўрсатиш, аниқланган хатоликларини мустақил тўғрилаш имкониятини бериш ҳамда яширин иқтисодиётнинг улушини қисқартириш ҳисобига маҳаллий бюджетларнинг даромадини ошириш бўйича йўналишлар ва назорат рақамлари белгилаб берилган.

Шунингдек, жойларда давлат солиқ инспекцияларига бириктирилган секторлар ишининг натижалари, қишлоқ хўжалиги экинлари экилишини вақтида таъминлаш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, хонадонма-хонадон юриб фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда жойида ҳал этиш вазифалари қўйилди.

Йиғилиш якуни билан муҳокама этилган масалалар ижроси ва унинг назоратини таъминлаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

ДСҚ

Баҳолаганлар

2

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг