Дон битими қайта тикланадими? Сўз Песковга
Олам
−
28 Август 2023
6206Россия, Туркия ва Қатар иштирокида дон битимини қайта тиклаш бўйича аниқ келишувлар йўқ. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Қатар иштирокида дон битимини қайта тиклаш масаласи бўйича жиддий келишувлар мавжуд эмас”, дейди Песков.
Унинг қўшимча қилишича, турли форматларда муҳокамалар давом этмоқда.
“Дон шартномасини қайта тиклаш истиқболлари Россия Федерациясига берилган ваъдаларнинг бажарилишига боғлиқ”, дейди Президент матбуот котиби.
Унинг сўзларига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги дон битими тугатилганидан бери Қора денгиздаги кемаларни кузатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия томони 18 июлдан бошлаб дон йўлаги келишуви тўхтатилишини маълум қилганди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Москванинг бу қарорини қоралади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга дон йўлаги келишувини ёки унга ўхшаш лойиҳани уч томонлама шаклда давом эттириш таклифи билан расмий мактуб юборди.
Аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған имкон туғилса, сентябрь ойида Россия Президенти Владимир Путин билан Қора денгиз дон ташаббусини қайта тиклаш масаласини шахсан муҳокама қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар бергандик.
Шунингдек, Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасидаги дон битими бўйича учрашув Россия Федерациясида бўлиб ўтиши мумкин.
LiveБарчаси