Доғистонда мотам эълон қилинди
Олам
−
15 Август 2023
7578Доғистон пойтахти Махачқалъадаги ёқилғи қуйиш шохобчасида юз берган портлашдан сўнг, мамлакатда бир кунлик мотам эълон қилинди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Доғистон раҳбари Сергей Меликов портлаш қурбонларининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, бугун, 15 августни республикада мотам куни деб эълон қилди”, дейилади хабарда.
Давлат раҳбари Меликов фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича штаб йиғилишида ҳалок бўлганларнинг оилаларига Доғистон захира фондидан 1 миллион рубль миқдорида моддий ёрдам берилишини айтган.
“Мотам куни муносабати билан бутун республика бўйлаб давлат байроқлари туширилади. Маданият муассасалари ва телеканаллардан кўнгилочар тадбирлар ва кўрсатувларни эфирга узатмаслик сўралади”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 август куни Доғистон пойтахти Махачқалъадаги автосервис биносида кучли портлаш содир бўлганди. Дастлаб автосервис биноси ёниб кетган, кейин олов ёқилғи қуйиш шохобчасига ўтган ва кучли портлаш юз берган. Портлашдан деярли 4 соат ўтиб ёнғин ўчирилган.
Дастлаб ОАВ портлаш оқибатида 25 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди, бироқ сўнгги маълумотларга кўра, фавқулодда вазият қурбонлари сони 27 нафарга етган, улардан уч нафари болалардир. Бундан ташқари, 60 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Содир бўлган портлаш муносабати билан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия етакчиси Владимир Путинга ҳамдардлик телеграммасини йўллади.